Жорий йил 12-28 январь кунлари Нидерландияда ўтадиган “Tata Steel Chess Tournament” турнирида дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари қаторида 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби, тезкор шахмат бўйича 2021 йилги жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов ҳам иштирок этади.
“Ақл гимнастикаси” оламида ўз нуфузига эга бўлган мазкур турнир 1938 йилдан бери ўтказиб келинмоқда. Унда Василий Смислов ва Роберт Фишердан ташқари барча жаҳон чемпионлари иштирок этган.
Бу йил 86-бор ташкил этилаётган турнирда амалдаги жаҳон чемпиони Дин Лижэнь ва жаҳон рейтингида кучли ўнталикдан жой олган Ян Непомняший, Алиреза Фирузджа, Аниш Гири қаторида ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳа, Видит Гуджрати, эронлик Парҳам Магсудлу, нидерландиялик Йорден ван Форест, германиялик Александр Донченко каби ўнлаб маҳорат эгалари дона суришади.
Айтиш лозим, Нодирбек Абдусатторов ўтган йили “Tata Steel Chess Tournament” турнирида шов-шувли тарзда иккинчи ўринни эгаллаб, баҳслар давомида ўша пайтдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлубиятга учратган эди.
Нодирбек Абдусатторов бу йил ўтган йилги натижасини яхшилашга муваффақ бўлишига умид билдирамиз.
Т.Рўзиев, ЎзА