Ўзбекистон Республикаси Президенти “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.
Унга мувофиқ, белгиланган тартибда автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатган тадбиркорлик субъектларига экологик ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва Давлат экологик назорат инспекциясига хабар бериш ҳуқуқи берилади. Бунда тадбиркорлик субъектлари жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг 20 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Аҳолига ўз ташаббуси билан чиқиндихоналарга айланган ёки тизимли равишда чиқиндилар ноқонуний равишда ташлаб кетилиши кузатиладиган ҳудудларда ўз маблағлари ҳисобидан фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш юзасидан Вазирликка буюртма имконияти яратилади. Бунда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг 20 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан буюртма берган шахслар рағбатлантирилади.
Экологик патрулга жалб қилинган Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари экологик ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг 10 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Қарор билан “Хавфсиз шаҳар” интеграцияланган тизими доирасида камералар орқали экологик ҳуқуқбузарликларни аниқлаш тизими жорий қилинади.
Санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларини юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишлари билан шуғулланувчи ишчилари ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи ишчилари рағбатлантириб борилади:
Ҳар йили энг узоқ (камида 10 йил) ва садоқатли хизмат кўрсатган ходимлар учун “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танлови ўтказилади, ҳамда улардан 100 нафарининг давлат олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига контрактининг тўлиқ суммасини Экология жамғармаси тўлаб беради. Бунда, талабаларга келгусида давлат органлари ва ташкилотларда камида 3 йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилади.
Ҳар йили “Энг тоза маҳалла” танлови ўтказилади, ғолиб бўлган 14 та маҳаллага чиқиди йиғиш майдончаларини қуриш, маҳалладаги ижтимоий объектларга чиқинди контейнерларини ўрнатиш ва кўчат экиш учун жами 500 миллион сўмдан ўтказиб берилади. Хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электормобиль харид қилиш имкони берилади.
2024 йил 1 апрелга қадар чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдори оширилади. Чиқиндилар ташлаб кетилган жойни тозалаш ва чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш мажбурияти ҳуқуқбузарлар зиммасига юклатилади.
2024 йил 1 апрелдан бошлаб барча санитар тозалаш корхоналари Ягона электрон тизимга уланади. Ушбу талабни бажармаган корхоналар билан тузилган шартномалар бекор қилинади ва улар хизмат кўрсатадиган ҳудудлар давлат-хусусий шериклик асосида бошқа корхоналарга бириктирилади.
Мазкур қарорда кўпчилик эътибор бериши зарур бўлган яна бир муҳим жиҳат бор. Чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентларни SMS орқали хабар қилиб бориш тизими йўлга қўйилади. Қарздорлик вужудга келганлиги тўғрисида олдиндан электрон тизим орқали огоҳлантирилади. Тўлов амалга оширилмаса, абонентни чиқинди хизматлари бўйича қарздорлиги бартараф этилмагунига қадар у электр энергияси учун тўловларни амалга оширолмайди.
Вақтинчалик чеклаш амалиёти қуйидаги бочқичларда жорий этилади:
1-босқичда – Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 2024 йил 1 июндан бошлаб чиқинди хизматлари бўйича 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;
2-босқичда – республиканинг барча ҳудудларида 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб чиқинди хизматлари бўйича 3 ўй давомида шаклланган қарздорлик учун;
3-босқичда – республиканинг барча ҳудудларида 2025 йил 1 январдан бошлаб чиқинди хизматлари бўйича 1 ойлик қарздорлик учун.
ЎзА