Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Олий таълим ташкилотлари талабаларининг ҳақ тўланадиган малака амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, талабаларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, уларни касбий фаолиятга тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш, шунингдек, амалиёт ўташ даврида қўллаб-қувватлаш мақсадида олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ташкил этиладиган қисқа муддатли мақсадли ишлаб чиқариш амалиётлари “ҳақ тўланадиган амалиёт” механизми асосида ташкил этилади.
Қарор билан Олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Низомга кўра, Ҳақ тўланадиган амалиёт танлов асосида ташкил этилади.
Танловда иштирок этиш тартиби ва шартлари, шунингдек, ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва амалиётга раҳбарлик қилиш, амалиёт бўйича меҳнат муносабатларини белгилаш ва молиялаштириш ҳамда мониторингини юритиш белгилаб берилган.
Вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб, ўз ички эҳтиёжларидан келиб чиқиб, йиллик режага асосан:
олий таълим ташкилотларининг таълим шаклидан қатъи назар, талабаларнинг тегишли таълим йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётлари тармоқ (соҳа)нинг муайян ташкилотлари ва корхоналарида шартнома асосида тизимли равишда ўтказилишини ҳамда ишлаб чиқариш амалиётининг режа жадвали ва дастурлари тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлайди.
Ишлаб чиқариш амалиётини ўташ даврида талабаларга амалиётчи мақоми берилади ва ички имкониятларидан келиб чиқиб, улар мавжуд бўш иш ўринлари (давлат органи бошқарув лавозимлари бундан мустасно) ҳисобига вақтинча иш билан таъминланади.
Бу даврда амалиётчи талабаларга ички имкониятларидан келиб чиқиб, етарли шарт-шароитлар (шахсий ҳимоя воситалари, махсус овқат ва бошқалар) ҳамда шартнома асосида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан зарур ҳолларда талабалар яшаши учун вақтинча турар жойлар билан таъминлаш ва қабул қилувчи ташкилотдан тайинланган амалиёт раҳбарларини меҳнат қонунчилигига мувофиқ моддий рағбатлантириш мумкин бўлади.
Талабалар меҳнатига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўланади.
ЎзА