Президентимиз томонидан илгари сурилган Беш муҳим ташаббус лойиҳалари юртимиз ҳудудларида истиқомат қилаётган йигит-қизларимизнинг қобилиятини рўёбга чиқариш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зиёда Абдусатторова ҳам айнан “Беш муҳим ташаббус” лойиҳаси асосида яратилган шароитлардан унумли фойдаланаётган ёшларимиздан биридир. Зиёда Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синфларида ўқиб юрганидаёқ спортга иштиёқи баланд экани боис турли спорт тўгаракларига қатнай бошлайди. Қизидаги бу иштиёқни пайқаган Дилшод Эгамов уни Фарғона шаҳридаги якка курашларга ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг камондан отиш тўгарагига олиб борди.
– Камондан отиш спортнинг бошқа турларидан кўра мураккаброқ бўлиб, ёшлардан сабрли ва иродали бўлишни талаб қилади, – дейди “Дўстлик” ордени соҳиби, тажрибали мураббий Ирина Савинова. – Зиёдада айнан шу фазилатлар мужассам бўлгани туфайли юқори марраларни эгалламоқда. Шогирдим мамлакатимиз спорти тарихига кирганини кўп йиллар сабр-тоқат билан қилган меҳнатларимизнинг маҳсули, деб биламан.
[gallery-15379]
Тажрибали мураббий таъкидлаганидек, спортда ижобий натижа қайд этиш учун чин дилдан меҳнат қилишга, машғулотларда тер тўкишга тўғри келади.
Ўзбекистон терма жамоаси сафида Осиё ва жаҳон кубоги туркумидаги мусобақаларда қўлга киритилган ютуқлар Зиёданинг имконияти катта эканини англатди. Ниҳоят, ўтган йилнинг ноябрь ойида Таиланднинг Бангкок шаҳри мезбонлик қилган, дунё спортининг энг нуфузли тадбири бўлган ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун ўтказилган мусобақада Зиёда Абдусатторова тарихий натижани қайд этди. Фарғонанинг мерган қизи ёзги Олимпиадага камондан отиш тури бўйича йўлланмани қўлга киритган биринчи ўзбекистонлик спортчи бўлди. У мамлакатимиз спортининг 2023 йилдаги натижалари сарҳисоб қилинган катта тадбирда “Йил кашфиёти” йўналишида ғолиб деб эълон қилинди ва муносиб равишда тақдирланди.
Дунё миқёсидаги нуфузли мусобақаларда юрт шаънини ҳимоя қилиш – бахт. Зиёда буни юракдан ҳис қилади. Шу боис ҳам бу йил бўлиб ўтадиган Осиё ва жаҳон кубоги, жаҳон биринчилиги ва, албатта, Париждаги ёзги Олимпиада ўйинларида юқори натижаларни қўлга киритиб, Янги Ўзбекистонимиз шарафини юксакларга кўтариш ниятида айни кунларда ўқув-йиғин машғулотларида фаоллик кўрсатмоқда. Халқаро тоифадаги спорт устаси, камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Фарғонанинг мерган қизига кейинги мусобақаларда, хусусан, тўрт йилликнинг йирик тадбири – Париж – 2024 Олимпиада баҳсларида омад ёр бўлишини тилаймиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ON4TykuYEn0" title="" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА