Бухоро вилояти Давлат молиявий назорат бошқармаси ва бошқа назорат идоралари томонидан Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 2021-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши аҳволи ўрганилган. Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан мазкур тўпланган ҳужжатлар бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Аниқланишича, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахслари бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктирган ҳолда жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Хусусан, тиббиёт маркази томонидан 30 та ҳолатда 97484,2 минг сўмлик меҳнат таътили тўлови ходимларга ноқонуний равишда такроран ва ортиқча ҳисоблаб тўлаб берилган.
Адлия вазирлигининг 2018 йил 17 мартдаги “Йиллик меҳнат таътили вақтида сақланиб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисида” ги Низомнинг 21-бандида “ходим таътилдан чақириб олинса ва таътилнинг қолган қисми бошқа муддатга кўчирилса, кўчирилган кунларига тўғри келадиган тўланган ўртача иш ҳақи суммаси бажарилган иш ёки ишланган вақт учун ойлик иш ҳақи ҳисобига ёзилади, таътилнинг фойдаланилмаган қисми кунларига ҳақ тўлаш учун ўртача иш ҳақи ҳисоблаб чиқилади” деб белгиланган. Аниқланишича, таътилдан чақириб олинган ходимларнинг фойдаланилмай қолган меҳнат таътилининг қолган қисми учун олдиндан тўланган 71758,3 минг сўмлик маблағ ходимлардан сақлаб қолинмаган. Шунингдек, Меҳнат кодекси талабларига зид равишда, интизомий жазо чоралари қўлланилган ходимларга интизомий жазо чораси амалда бўлган даврда 11 та ҳолатда 44092 минг сўмлик рағбатлантириш тўловлари ҳисоблаб тўлаб берилган.
Адлия вазирлигининг 2023 йил 16 январдаги “Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарорида “бир календарь йили давомида бир ходимга икки лавозим маошидан ошмайдиган миқдорда рағбатлантириш тўловлари берилиши” белгиланган бўлсада, 4 та ҳолатда 10 429,9 минг сўмлик рағбатлантириш тўловлари ортиқча ҳисоблаб тўлаб берилган.
Бундан ташқари, даволаш профилактика муассасаларида даволанаётган беморларнинг ёш бўйича категорияларга ажратган ҳолда озиқ-овқат меъёрларини қўллаш белгиланган бўлсада, барча беморлар учун энг юқори, яъни 18 ёшдаги болалар учун қўлланиладиган меъёр қўлланилган. Энг кўп ишлатиладиган 14 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ўрганилганда 2022 йилда 0-1 ёшли беморларга 283 156,6 минг сўм, 1-3 ёшли беморларга 57 964,9 минг сўм, 3-7 ёшли беморларга 78 444,1 минг сўм ва 7-14 ёшли беморларга 131 157,1 минг сўм жами 550 722, 7 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган меъёрларга нисбатан ортиқча сарфланган. Худди шундай, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 282 294, 6 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган меъёрларга нисбатан ортиқча сарфланган.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги “Давлат харидлари тўғрисида” ги қонуни талаблари асосида тиббиёт марказида харид комиссияси тузилган. Бироқ мазкур комиссия амалда умуман ваколатларини бажармаган. Натижада давлат харидларини амалга оширишда муассаса фаолияти учун харид қилинадиган хизматлар ёки товарларга тасдиқланган эҳтиёж шакллантирилмаган. Давлат харидларини амалга ошириш механизми белгиланмаган. Иш ва хизматлар бажарилгандан сўнг топшириш қабул қилиш ишлари амалга оширилмаган. Жорий таъмирлаш ишлари бўйича нуқсон далолатномалари, лойиҳа смета ҳужжатлари тузилмаган. Бажариладиган ишлар ҳажми белгиланмасдан миллий ва электрон дўконлар орқали хизматлар сунъий равишда харид қилинган. Хизматлар қайси объектда, қанча ҳажмда ва қанақа иш турлари бажарилганлиги, иш ва хизматларни кимлар қабул қилиб олганлиги тўғрисида ҳужжатлар расмийлаштирилмаган. Ўрганиш даврида 1 070 317,4 минг сўмлик маблағлар хизматлар ва ишларни бажарилганлигини тасдиқловчи қабул қилиш-топшириш далолатномалари тузилмасдан асоссиз тўлаб берилган.
Тўпланган ҳужжатларга кўра, Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларининг ҳаракатларида жами 2 127 099, 1 минг сўмлик жуда кўп миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири