Сўнгги кунларда интернет, ижтимоий тармоқларда акциялар, товарларнинг келишилган миқдорини сотиб олиш шарти билан тақдим этиладиган чегирмалар, мавсумий чегирмалар ташкил қилинганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бунда кўпинча муайян ҳолатга чегирмалар (компаниянинг йиллиги, миллий байрам ва бошқалар) кенг қўлланилади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айрим йирик савдо тармоқлари фойда олиш мақсадида кўпинча харидорлар билан турли хил манипуляцияларга киришиши, масалан, дастлаб таклиф қилинадиган товарларнинг нархлари иложи борича ҳаддан ташқари ошириб юборилиши, сўнгра уларнинг нархи ҳақиқий нархигача туширилиши мумкин. Бунда харидорлар томонидан чегирмали товарларни харид қилиш орқали уларда фойдали харид ҳаёлини иллюзиясини келтириб чиқариши мумкин.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг маълум қилишича, одатда кўпинча, байрамлар олдидан йирик савдо марказлари ва дўконлар товар нархларини кескин кўтариши, кейин эса чегирмалар эълон қилиш орқали гўёки, товар нархларини кескин туширилганлиги тўғрисида рекламалар берилади, ҳақиқатда эса чегирмадаги товар нархини эски нархдаги ҳолатига қайтариб, гўёки 20-30 фоиз чегирмалар қўлланилгандек кўрсатишади.
Қўмита ўз навбатида, товарларни, маҳсулотларни чегирма билан сотиш ҳолатларига эътиборлироқ бўлиш, товарларни сотиб олишдан олдин унинг сифати ва нуқсонсиз эканлигини текширишни унутмасликка чақиради.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикасида рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш билан боғлиқ муносабатлар “Реклама тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади. Мазкур Қонуннинг 16-моддасига кўра, номақбул (нотўғри, ахлоқсиз, яширин, шунингдек ушбу Қонун талабларига мос келмайдиган) рекламалар тақиқланган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси товарларларни чегирма билан харид қилишда тўсиқ ва муаммолар ёки нотўғри ва ишончсиз рекламаларни тарқатиш ҳолатлари кузатилган тақдирда Қўмита ишонч рақами орқали (1159) мурожаат қилишингиз сўралади.
Ш.Маматуропова, ЎзА