Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор муҳим қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
“Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ҳар ким ўз бойликларига эгалик қилиш, фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқига эга. Мамлакатимизда хусусий мулк ва унга бўлган ҳуқуқлар дахлсизлиги ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклашга доир тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланди. Бу бир неча йиллардан буён жамиятимиздаги ўткир муаммолардан бирига айланган “снос” билан боғлиқ муаммога нисбатан оқилона ечим бўлди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилишига йўл қўйилмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ва у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши кафолатланиши белгиланмоқда.
Фракция аъзоларининг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз амалга оширишга, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни белгиланган тартибда қопланиши орқали хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари таъминланишига хизмат қилади.
Муҳокамаларда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган янгиликлар ЎзЛиДеП сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар билан уйғун ва ҳамоҳанг эканлиги алоҳида қайд этилди. Партия нуқтаи назарига кўра, хусусий мулк ҳуқуқи ва кафолатларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш йўлида тўлиқ эркинлик бериш – мамлакат иқтисодий тизимини либераллаштиришнинг энг муҳим йўналишидир.
Қизғин муҳокамалар давомида айрим нормалар бўйича асосли саволлар ўртага ташланди ва қонун ташаббускорлари томонидан атрофлича жавоб олинди.
М.Комилова,
ЎзА