Касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларини болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари вақтда дам олиш масканлари сифатида фойдаланишини ташкил этиш ва бундан олинадиган даромадлари бўйича маълум бир муддатга фойда солиғидан озод этилиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, оромгоҳларнинг мажбурий равишда сертификатлаштирилиши талаб этилмаслиги назарда тутилмоқда.
Ушбу тартибларни ўзида акс эттирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси бўйича маъруза қилган депутат Ғайрат Абдиевнинг таъкидлашича, унда белгиланаётган нормалар болалар соғломлаштириш оромгоҳларидаги шароитларни янада яхшилаш, фарзандларимизнинг таътилни мазмунли ўтказиши, уларни соғломлаштириш ва ақлий ривожлантириш бўйича вазифалар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Йиғилишда шунингдек, “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси ҳамда “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Фракция аъзолари қайд этганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши биринчи навбатда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз амалга оширишга, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг таъминланишига хизмат қилади.
Ўзгартиришларга мувофиқ, мулкдорларни суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойдан маҳрум этишга йўл қўйилмайди. Турли сабабларга кўра, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши кафолатланиши белгиланмоқда.
Йиғилиш кун тартибидаги барча масалалар муҳокама қилиниб, фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА