Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда ўтган йилда амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари бўйича маълумот берилди.
Қайд этилишича, 2023 йилда уй-жой қуриш ҳажми 1,5 бараварга ортиб, 90 минг хонадонли уйларда қурилиш ишлари ташкил этилди. Янги жорий этилган “Ташаббусли бюджет” тизими ҳудудларда бунёдкорлик ишлари кўламининг янада кенгайишига туртки бўлди. Хусусан, ушбу тизим орқали олинган 5,5 триллион сўм маблағ ҳисобига маҳаллалардаги 4 минг 701 та объектда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
2023 йил манзилли рўйхатга асосан 15 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, 34 та стандартлар, 27 та қурилиш регламентлари ва 10 та “смета-ресурс” нормалари ишлаб чиқилди. “Қурилиш назорати” ахборот тизими орқали 12 мингдан ортиқ объект назоратга олинди ва шу асосда вазирлик ҳузуридаги Инспекция томонидан 172 мингдан зиёд мониторинг ўтказилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА