Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган Дилмурод Раҳимжонов Сирдарё туманидаги "Peng-Sheng" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси ва "Exeed" бренди остида автомобиль ишлаб чиқарувчи "Asaka motors" заводи фаолияти, ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.
Ҳоким Интилиш маҳалласи фаоллари билан ҳам учрашди. Бу ерда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида учта сув минорасини ўрнатиш ҳамда 6 километр янги тармоқ тортиш ишлари деярли якунига етган. Бироқ электр таъминотига уланиш билан боғлиқ муаммолар туфайли иншоот фойдаланишга топширилмаган. Ушбу масала "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси ҳамда пудратчи ташкилот ўртасида якуний ҳисоб-китоблар амалга оширилгач, ижобий ечимини топадиган бўлди.
Маҳалладаги ёш ҳунарманд Сирожиддин Адилов фаолияти ўрганилди. У имтиёзли кредит олиб, ўз хонадонида мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Ҳозир устахонада ўн нафарга яқин ёш "Устоз-шогирд" анъаналари асосида ҳунар ўрганмоқда.
Куннинг иккинчи ярмида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Раҳимжон Бобоев ҳамроҳлигида Сайхунобод тумани аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди. Унда 20 нафарга яқин фуқаронинг ичимлик суви, табиий газ ва электр энергия таъминоти, даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари учун моддий ёрдам, уй-жой таъмири ва субсидия ажратишга доир мурожаатлари тингланди. Уларнинг маълум қисмига шу куннинг ўзида ижобий ечим топилди. Муддат талаб этадиган мурожаатлар эса тегишли масъулларга бириктирилиб, ижроси назоратга олинди.
[gallery-15351]
Мухтасар айтганда, ҳудудлардаги ўрганишлар, аҳоли билан бевосита мулоқот, дастлабки тиғиз иш куни Дилмурод Раҳимжоновда кучли иштиёқ уйғотибгина қолмай, балки раҳбарлик масъулиятини юракдан ҳис этишида самарали омил бўлди, дейиш мумкин.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари