Жавобгардан унга салкам 20 миллион сўм ундирилиши белгиланди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Фарғона вилоятидан фуқаро В.А. ишдан ноқонуний равишда бўшатилганлиги бўйича мурожаат қилиб, меҳнат ҳуқуқларини тиклашда ёрдам сўраган.
Мурожаатчи “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” масъулияти чекланган жамиятида етакчи мутахассис лавозимида ишлаб келган. Фуқаро В.А. билан тузилган меҳнат шартномаси 2023 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасига асосан бекор қилинган. Унга асос қилиб жамият касаба уюшмаси қўмитасининг тегишли йиғилиш баёни кўрсатилган.
Фуқаро В.А. ўз мурожаатида 1995 йилдан буён ушбу жамиятда ишлагани ва аввал бирор марта интизомий жавобгарликка тортилмагани ҳамда боқувчиси йўқ ёлғиз она эканини қайд этган.
Мурожаат Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши билан биргаликда ўрганилди.
Ишга тааллуқли ҳужжатларни ўрганиш жараёнида ходим 2023 йилнинг июль ойида навбатдаги меҳнат таътилига чиққани, унга қачон ишга қайтиши кераклиги маълум қилинмагани, таътил вақтида соғлиғи ёмонлашгани туфайли икки маротаба меҳнатга лаёқатсизлик варақалари очилгани, ходим ишга қайтганида икки кун сабабсиз ишда бўлмаганлиги сабабли унга нисбатан хизмат текшируви ўтказилгани аниқланди.
Ҳужжатлар ўрганилиб, иш берувчи томонидан меҳнат қонунчилиги бузилгани ҳолатлари аниқланди ва судга ишга тиклаш ҳақида даъво ариза киритилди.
Омбудсман ахборот хизматидан маълум қилишларича, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан иш берувчининг буйруғи ғайриқонуний деб топилди ва бекор қилинди. Мурожаатчи В.А. ўз лавозимига тикланиб, мажбурий прогул кунлари ва етказилган маънавий зарар учун унга 19 миллион 680 минг сўм ундириб берилиши белгиланди.
Ҳозирда мурожаатчи аввалги лавозимида ўз иш фаолиятини давом эттирмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА