Статистика агентлиги томонидан “Статистика” интеграллашган ахборот тизими яратилди. Унинг негизида siat.stat.uz Ўзбекистон Республикаси статистика портали ишга туширилди.
Натижада расмий статистикани эълон қилиш ва уларни фойдаланувчилар томонидан қидириб топиш вақти 5-10 баробарга, алоҳида сўровлар асосидаги интеграция қилиш вақти эса 10 кундан 1 кунгача қисқартирилди.
Бу ўз ўрнида халқаро ташкилотлар, жумладан, “Open Data Watch” халқаро ташкилоти экспертлари томонидан ижобий баҳоланди.
Порталда расмий статистик кўрсаткичлар 10 йиллик динамик қаторларда, шунингдек, 30 йиллик макрокўрсаткичлар 5 йиллик кесимда фойдаланувчиларга қулай ва бепул шаклда юклаб олиш учун 3 хил (Excel, PDF ва JPG) форматда ҳамда мустақил равишда интеграция қилиш учун 3 хил (CSV, JSON ва XML) форматда жойлаштирилди ва доимий равишда янгилаб борилади.
Ўзбекистон Республикаси статистика порталидан ўзбек, рус ва инглиз тилларида фойдаланиш мумкин.
Н.Раҳмонова, ЎзА.