Бир экспонат тарихи
Ўзбек халқининг кўп асрлик тарихи, ўтмиши, бой маданияти, аждодлар мероси ҳар бир юртдошимизга ғурур бағишлайди. Тарихий меросимизни, турли даврларга оид осори-атиқаларни бугунги ва келажак авлодларга етказишда музейларнинг ўрни муҳим. Юртимиз музейларида сақланаётган минглаб ашёлар, буюм ва осори-атиқалар бой тарихимиздан сўзлайди.
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон тарихи давлат музейи 3 минг йиллик тарихимизга оид экспозицияларни ўзида жамлаган маданият масканларидан биридир. Бу ердаги ҳар бир экспонатнинг ўзига хос тарихи бор.
— Ўзбекистон тарихи давлат музейи Марказий Осиёдаги машҳур, тарихий коллекцияларга бой музейлардан бири ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон тарихи давлат музейи ходими Азиза Иброҳимова. — Коллекцияларимизда 350 мингдан ортиқ осори-атиқалар, экспозицияларимизда 12 мингдан ортиқ экспонатлар сақланади. Экспонатлар бўлимларга бўлинган ҳолда, хронологик тартибда жойлаштирилган. Масалан, тош давридан бошлаб то Иккинчи жаҳон уруши давригача бўлган дарвлар ёритилади ва ўша даврга оид экспонатлар намойиш этилган.
Экспозициямизда намойиш этилган кўплаб ноёб экспонатлардан бири остадонлардир. Остадонлар оссуарий деб ҳам аталади. Яъни, лотин тилидан олинган бўлиб, суяк деган маънони англатади. Остадонлар қадимда тобут, қабр вазифасини ўтаган. Улар кичик кўринишда бўлиб, сополдан тайёрланган. Турли шаклларда — овал, тўртбурчак шаклларда бўлган. Қопқоғининг ўрнида инсон, яъни аёл ёки эркак киши бюстлари тасвирланган остадонлар ҳам мавжуд.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JGdWf_TBoCA" title="Qadimgi tobut yoki qabr vazifasini oʻtagan buyum" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Инсон суяклари сақланадиган ушбу остадонлар эрамиздан аввалги 4-асрларга бориб тақалади. Маълумки, ўша пайтларда Ўрта Осиё ҳудудида зардуштийлик дини ривожланган эди. Бу дин ақидасига кўра, 4 унсур муқаддас ҳисобланган — ер, сув, ҳаво ва олов. Ушбу муқаддас тўрт унсурни ифлослантирмаслик мақсадида инсонлар ўлимидан кейин унинг жасади махсус сукунат минораларида қузғунларга ем қилинган ва суяклари остадонларга солиб қўйилган. Бу миноралар даҳмалар ҳам деб аталган.
Манбаларда келтирилишича, тананинг юмшоқ тўқималари гуноҳкор қисми, суяк қисми эса гуноҳсиз дея қарашлар бўлган.
Юртимизнинг турли ҳудудларидан топилган остадонлар турли безаклар билан безатилган. Баъзиларида безаклари жуда ҳам кўп бўлган. Инсон, гуллар ва барглар расмлари туширилган. Бу эса ўша давр одамларининг санъатдан хабардорлиги даражасини ҳам кўрсатади. Аёл ва эркак киши кўринишидаги оссуарийлар асосан Хоразм воҳасига хос. Хоразмдан топилган остадонларнинг қопқоқлари аёлнинг суяклари солинган бўлса, аёл кўринишида, эркак киши бўлса, эркак кўринишида бўлган.
Оссуарийлар қўрғонларда, ертўлаларда сақланган. Наус деб аталган қурилмалардан ҳам фойдаланишган. Унинг ичига маълум бир уруғга, қабилага оид остадонлар олиб бориб сақланган.
Муҳтарама Комилова, Аброр Содиқов (видео), ЎзА