Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Шу боис ҳам юртимизда ёшлар сиёсатига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Барчамизга маълумки, 2024 йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, ёшлар – давлат ва жамиятнинг ҳал қилувчи кучи бўлса, бизнес ва тадбиркорлик – замонавий иқтисодиётимизнинг асосидир.
Жорий йилнинг ана шундай номланиши ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ташаббусларини рўёбга чиқариш, бандлигини таъминлашга устувор аҳамият қаратилишидан далолатдир. Қолаверса, ёш йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилади. Бизнес ва тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқароларга, айниқса, тадбиркор ёшларга янада кенг имконият ва имтиёзлар тақдим этилади.
– Ёшлар сиёсати мамлакатимизда энг муҳим масалалардан биридир, – дейди ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ёш сиёсатчилар лигаси координатори Зиёвуддин Нуриддинов. – Ўзбекистон – ёшлар мамлакати, десак муболаға бўлмайди. Чунки мамлакатимизнинг 60 фоиздан ортиқ аҳолисини ёшлар ташкил этади. Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи каби ёшлар ташкилотлари дунё мамлакатлари тажрибасида жуда кам. Бу ташкилотлар Ўзбекистонда кўзга кўринадиган даражада фаолият юритади. Бу эса ёшларга бўлган эътибор натижасидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Pw_65kg-X8I" title="Oʻzbekiston – yoshlar mamlakati" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>2024 йилда бизнесни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилади. “Ўзбекистон-2030" стратегиясида 2030 йилгача бўлган даврда 250 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсади белгиланган. Ушбу инвестициялар доирасида тадбиркорлик ва бизнес муҳитини яратишда айни бу йил пойдевор йили бўлади. Ушбу лойиҳаларни ёшлар амалга ошириши учун имкониятлар яратилиши барчамизни қувонтиради. Ўзбекистон ёшлари Президентимиз илгари сураётган барча режа ва ислоҳотларни, Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини амалга оширишга елкадош туришга ҳамиша тайёрмиз, – дейди З.Нуриддинов.
Таъкидлаш жоизки, 2023 йилда янгиланган Конституциямизда ҳам ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилиб, ёшларнинг барча ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши кафолатлаб қўйилди. Давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини ўз зиммасига олди.
Қолаверса, “Ўзбекистон-2030" стратегиясида ҳам ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган. 400 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш ва муаммоларини ҳал этишга эришиш, ёшларнинг ишсизлик даражасини 14 фоиздан 11 фоизга камайтириш мақсад қилинган. Бу борадаги мақсад-вазифалар жорий “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” доирасида изчил амалга оширилади.
Умуман, бошланган янги йилимиз давомида иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, бизнес ва тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратиш, илм-фан, инновация, ахборот технологиялари каби соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ёшларнинг ғоя ва ташаббуслари, интилишлари янада рағбатлантирилади. Бу эса 19 миллиондан ортиқ юртимиз ёшларига катта мотивация ва имкониятдир.
Муҳтарама Комилова, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА