Сенат ялпи мажлисларида сенаторлар томонидан аҳолини ташвишга солаётган, шунингдек, долзарб бўлиб турган муаммоли масалалар кўтарилиб, уларнинг ечимига вазирлик ва идоралар эътибори қаратилиши натижасида уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида пойтахтимиздаги йўллар устида бунёд этилган пиёдалар ўтиш кўприкларидаги эскалатор ва лифтларнинг ишламаслиги ёши катта инсонлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёш болали аёлларга ноқулайлик туғдираётгани, шу каби қурилмалар рисоладагидек ишлаши лозимлиги масаласи кўтарилган эди.
Ушбу масалани Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ўз назоратига олиши ва масъуллар билан бирга ишлаб, уни ҳал этиш вазифаси топширилган эди.
– Қўмитамиз томонидан олиб борилган дастлабки ўрганишлар шуни кўрсатдики, бугунги кунда Тошкент шаҳар сунъий иншоотларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармаси тасарруфида жами 5 та пиёдалар ўтиш йўлаги мавжуд, – деди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов. – Ушбу йўлакларнинг 3 тасига 8 та лифт ва 8 та эскалаторлар ўрнатилган ҳамда уларга “Lift proekt” масъулияти чекланган жамияти томонидан хизмат кўрсатиб келинади. Шунингдек, “Toshkent metropoliteni” давлат унитар корхонасига қарашли метрополитеннинг айрим бекатлари, хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ер усти метросининг 4 (Олмос), 5 (Роҳат), 10 (Толариқ), 13 ва 14-бекатларида ўрнатилган эскалаторлар ишдан чиққани аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қўмита масъул тузилмаларни жалб қилган ҳолда эскалатор ва лифтларни тўлиқ ишга тушириш чораларини кўриш ҳамда бажарилган ишлар натижалари юзасидан маълумот тақдим этишни сўраб Тошкент шаҳар ҳокими ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раисига расмий хат жўнатди.
Ушбу масала юзасидан Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида масъул ташкилот раҳбарларининг ахборотларини эшитиш белгиланган.
Н.Абдураимова, ЎзА