Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, озиқ-овқат, деҳқон ва буюм бозорларидаги сотувчи ва харидорларга қулайлик яратиш, бозорлар фаолиятини такомиллаштириш, уларни санитария-гигиена ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтириш мақсадида Тошкент бозорларида қурилиш ва реконструкция ишлари бошланмоқда.
Қайд этилишича, ишларнинг биринчи босқичида, пойтахтнинг барча бозорларига маҳсулотларни асосий етказиб берувчиси бўлган Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозорида реконструкция ишлари бошланади.
Бозорга олиб келинаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай, атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо амалга оширилаётганлиги ҳамда бозор ҳудудига кунига 600 дан ортиқ юк машиналарининг кириб-чиқиши автомобиль йўлларининг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.
Реконструкция даврида тадбиркорлар ўз фаолиятини “Food city”, “Tashkent Index” ва бошқа савдо мажмуаларида ташкил этилган қулай шароитларда давом эттирилиши таклиф қилинади. Бунда тадбиркорлар мулкларини кўчириш билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар (транспорт, юклаш, тушириш ва бошқалар) бепул амалга оширилади ҳамда савдо мажмуаларидаги дўконлар учун ижара тўловларидан 3 ой муддатга озод қилинади.
Шунингдек, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида «Қўйлиқ» массивидан бозор ҳудудигача йўл кира хақи олинмайдиган 10 та автобус йўналишга қўйилиб, жамоат транспорти учун шоҳ бекат ташкил қилинди ва шаҳарнинг барча йўналишларга чиқиш имкони яратилди. Бозорда фаолият юритаётган 144 нафар ишчи-ходимлар “Food city” ва “Tashkent Index” савдо мажмуаларида иш билан таъминланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА