Дунёда инсон тафаккурига ёт ғоя ва мақсадларни сингдиришга уринишлар бўлмоқда? Уларга қарши иммунитетни шакллантириш учун фавқулодда қандай кучли ғоялар керак? Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, сиёсий фанлар доктори Бектош БЕРДИЕВ билан суҳбатда шу каби масалаларга тўхталдик.
– Айрим ҳолларда ёшлар ўз қарашлари билан турли “тузоқ”ларга тушиб қолади. Бунга қандай омиллар сабаб бўлмоқда?
– Ёшларимиз билиб-билмасдан ижтимоий тармоқларда кўп вақтини ўтказяпти. Буни замон талаби ҳам дейишимиз мумкин. Биринчидан, жамиятнинг зиёли қатлами ҳар доим ёшларга нима тўғри ёки нотўғри эканини тушунтириб бера олмаяпти. Натижада ижтимоий тармоқлардан фақатгина яхшилик йўлида фойдаланилмаяпти. Бундан радикал кучлар ёки умуман олганда, бугунги кунда инсоният ҳаётига хавф солаётган кучлар фойдаланяпти ва ўз ахборотини тарқатяпти.
Ахборотнинг истеъмолчиси бўлган ёшларимиз эса ижтимоий тармоқларда радикалларнинг маърузаларига аудио, видеороликлар орқали дуч келади. Бир эшитиб кўриш илинжида унга киради. Қарабсизки, “чиройли сўзлар” билан йўғрилган ёки ёшларга “жаннатни ваъда қилаётган” жуда кучли психологик таъсирга эга бўлган маърузаларнинг тайёр қурбонига, ўлжасига айланиб қолади. Унинг орқасида мақсадли йўналтирилган радикаллар ишлаяпти, жуда катта сиёсий асос билан қўллаб-қувватланаётгани ҳам бор гап.
Демак ёшларимиз бир-икки эшитиб кўряпти, дўстига кўрсатяпти, ҳаттоки бир-бирига узатишлар, етказиб беришлар натижасида ахборотларнинг тарқалиши кузатиляпти.
– Ёшларимизда тўлиқ иммунитет шаклланмаган ҳолда радикализмнинг қандай аянчли оқибатларга олиб келиши ёки унга сабаб бўладиган факторлар нима? Ўзи радикаллар нимани истаяпти?
– Қармоққа илинтириш учун ижтимоий тармоқларда қандай усталик билан фойдаланаётганлигидан ёшларнинг хабари йўқ. Бир фактор бугунги кунда ота-оналар ёшларимиз фойдаланаётган гаджетларни ёки ахборот манбаларини йўлиқ назорат қила олмайди. Аввало, ота-оналарнинг ҳаммаси ҳам кези келганда уни тушунавермайди, боласи нимадан фойдаланаётгани, нимани кўргани, ўқиганини ҳар доим билолмайди. Кўпчилигининг эса вақти ёки ҳафсаласи йўқ, баъзилари шунчаки бепарво. Мана шундай назорат, маълум бир маънода тергаб туришлар бўлмагач, ёшлар буни эркинлик сифатида қабул қиляпти. Бу “эркинлик” уларга хавфли ахборотларни ўз онгига, тафаккурига сингдириш билан бирга рўй бераётганини афсус билан қайд этишимиз керак.
– Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, дейилади. Демак, ота-оналарнинг бепарволиги ёки замондан орқада қолмасин, дея турли технологияларни болаларига топшириб, ишонишлари салбий таъсир этяпти.
– Шундай. Биз бугунги кунда жамоатчилик билан ишлашда, нафақат ота-оналари бор, балки ота-онаси йўқ ёшларни ҳам назардан қочирмаслигимиз муҳим. Ота-онадан алоҳида яшайдиган ёшлар ҳам бор. Шунинг учун биз жамоатчилик билан ишлаяпмиз.
Бугунги кунда ёшларнинг радикализм қармоғига илиниб қолишига сабаб бўладиган омилларни камайтиришимиз учун маҳаллалардан тортиб, буви-боболари, тоға-амакилари билан боғланиб ишлаяпмиз.
Биз доим ёшлар тарбияси деймиз, лекин аслида ота-оналар билан ҳам ишлашимиз керак. Чунки соғлом муҳитдаги оилада соғлом фарзанд тарбияланади.
Суҳбатнинг давоми қуйидаги иловада...
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/rS5b7iCwuTs" title="Jamiyatga qanday kuchli gʻoyalar kerak?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА