Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари таҳлилига кўра, 2023 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳлар сони 4,9 миллион нафарга етган. Охирги уч йилда туристлар оқими қарийб 3 баробар кўпайган. 2021 йилда эса хорижлик сайёҳлар сони 1,8 миллион нафарни ташкил қилган эди.
2023 йилда Ўзбекистон Американинг Travel Lemming онлайн саёҳат қўлланмасида дунёдаги 50 та энг яхши сайёҳлик йўналиши рўйхатидан жой олди ва 9-ўринни эгаллади. Ушбу қўлланма ҳар йили дунё бўйлаб янги йўналишлар ва ўзига хос ноёб масканлар ҳақида маълумот беради ва уни 6 миллиондан кўпроқ саёҳатчи ўқийди.
Шунингдек, ўтган даврда туризм хизматлари экспорти 1 миллиард 830 миллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2018 йилда 1 миллиард 041,1 миллион долларни ташкил этган эди.
Таъкидлаш жоизки, дунёдаги 91 та мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга келиш учун визасиз тартибдан фойдаланиши мумкин. Таққослайдиган бўлсак, Қозоғистонга 26 та, Туркияга 41 та, Грузияга эса 56 та мамлакат фуқаролари визасиз кела олади.
Хулоса шуки, мазкур рақамлар соҳанинг салоҳияти катта эканлигидан далолат беради. Шу сабабли, бугунги кунда юртимизда бу соҳада инфратузилма обектларини янада кўпайтириш ва ички туризм имкониятларидан самарали фойдаланишга эътибор қаратилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА