Эндиликда Навоий халқаро аэропорти орқали парвозга шайланган чет эл фуқаролари ва хорижий сайёҳлар Солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Солиқ-сервис” унитар корхонасининг сервис шохобчаси орқали қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариб олиш имкониятидан фойдаланиши мумкин.
Мазкур шохобчанинг очилиш маросимида Солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Солиқ-сервис” унитар корхонаси, вилоят солиқ ҳамда божхона бошқармалари ва Навоий халқаро аэропорти раҳбарияти иштирок этди.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги “Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан 2023 йил 1 январдан бошлаб чет давлат фуқароларига улар томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларидан айрим турдаги товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қисман қайтариш, яъни “Tax free” тизими жорий этилган эди.

– Қарорга асосан, чет давлат фуқароларига қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш минимал харид қиймати қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олган ҳолда камида бир миллион сўмни ташкил этганда ҳамда товарлар харид қилинган кундан эътиборан уч ой мобайнида операторга мурожаат қилинганда амалга оширилади, – дейди Солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси шуъба бошлиғи Шерзод Обидов. – “Tax free” республиканинг барча ҳудудларидаги чакана савдо объектларида қарор билан тасдиқланган рўйхатга киритилган товарларга нисбатан қўлланилади. Бунинг учун чет давлат фуқароси “Солиқ” мобиль иловасида рўйхатдан ўтиб, онлайн назорат касса техникаси фискал чекларини сканерлаши зарур. “Tax free” суммасини ҳисоблаш, уни чет давлат фуқаросининг банк пластик картасига ёки банк ҳисобварағига ўтказиб бериш тизим оператори “Солиқ-сервис” ДУК томонидан амалга оширилади.

“Tax free” суммаси чет давлат фуқаросининг республика ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқлангандан сўнг харид амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин қайтарилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири