Юртимизда қурилиш соҳасини ривожлантириш ва уни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватлари ва ижтимоий соҳа объектларини бунёд этиш ва уларни кенгайтириш ҳамда реконструкция қилишга йўналтирилган кенг кўламдаги иқтисодий ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Шиддат билан қад кўтараётган кўп қаватли турар жойлар ва умуман олганда, барча турдаги бунёдкорлик ишлари, ўз навбатида, сифатли қурилиш маҳсулотларига бўлган талабни кучайтирмоқда. Энг муҳими, йиллар давомида торгина уйларда икки, уч ва ҳаттоки тўртта оила бўлиб яшаб келган одамларнинг ўз уйлари, маконлари бўлишига замин яратилди.
Биргина ўтган йилнинг ўзида уй-жой қуриш ҳажми 1,5 баравар ортиб, 90 мингта хонадон қурилиши белгиланган эди. Хўш, ушбу вазифалар ижроси таъминландими? Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 2023 йилда белгиланган вазифаларни қай даражада бажара олди, қандай натижаларга эришилди. Шулар хусусида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи ўринбосари Элёр Комилов билан суҳбатлашдик.
– Сўнгги олти йилда мамлакатимиз аҳолиси 5 миллион 500 минг нафарга ўсиб, 36 миллиондан ошди. Бу эса уй-жойга бўлган эҳтиёжни табиийки оширади, – дейди Элёр Комилов. – Одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш мақсадида кўплаб турар жойлар барпо этилишидан кўзланган мақсад ана шу талабни қондиришдир. Шу жиҳатдан олганда, 2017 йилдан бўён республика бўйича 326 мингта янги уйлар фойдаланишга топширилгани, бу даврда уй-жой билан таъминлаш аҳоли жон бошига 18 фоизга кўпайгани диққатга сазовордир. 2022 йилда 60 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилган бўлса, 2023 йилда минглаб одамларнинг ўз уйи ва узоқ йиллик орзулари рўёби йўлида адолатли қадам ташланди. Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуси билан ҳозирда 40 та ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилишига киришилди. Умуман олганда, 2023 йилда уй-жой қуриш ҳажми 1,5 баравар ортиб, тарихда илк марта бу режа 90 мингта хонадон этиб белгиланди.
Аввалги йиллардан фарқли равишда 2023 йил қурилиш соҳасида сермаҳсул йил бўлди. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда қурилиш соҳаси чин маънода мамлакат иқтисодиётининг асосий драйверига айланди. Буни 2023 йилда қурилиш соҳасининг 106,9 фоизга ортгани билан ҳам изоҳлаш мумкин.
Таҳлилларга кўра, 2017 йилда мамлакатимиз бўйича жами қурилиш ишлари ҳажми 35 триллион сўмни, 2018 йилда 51 триллион сўмни, 2019 йилда 71 триллион сўмни, 2020 йилда 88 триллион сўмни, 2021 йилда 108 триллион сўмни ва 2022 йилда эса 131 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, бу рақам 119,6 трлн. сўмга етказилди.
Урбанизация жараёнлари, ноқулай иқлим шароити қурилиш соҳасига энерготежамкор технологияларни янада самарали татбиқ этишни тақозо этаётганини кўриб турибмиз. Аслида, буларнинг барчаси халқчил ташаббус, жуда катта ислоҳот. 2016 йилгача Андижон вилоятида 16 қаватли уй қурилади, деса биров ишонармиди? Давлатимиз раҳбари 2021 йилнинг 17-18 июнь кунлари вилоятга қилган ташрифи чоғида уй-жойга муҳтож одамлар учун қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган майдонда янги шаҳар қуриш ташаббусини илгари сурган эди. Халқнинг оғирини енгил қилиш, турмуш шароитини яхшилаш борасидаги эзгу амал бугун реал ҳаётга кўчди.
Андижон шаҳрининг шимолий шарқий қисмидаги улкан қир-адирликлар ўрнида бугун янги шаҳар пайдо бўлди. Ҳавоси мўътадил, айниқса, ёзнинг жазирамасида насим шабадаси билан дилга хуш ёқадиган табиат кенгликларида юз минглаб андижонликлар учун уйлар қурилмоқда. 2023 йилда массивда 80 та 2152 та хонадонли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Амалда 80 та 2152 хонадонли уй-жойларни қуриш ишлари бошланиб, режанинг 80 фоизи бажарилган. 28 та 832 хонадонли уй-жойлар фойдаланишга топширилган. Қолган 52 та 1320 хонадонли уй-жойлар қурилиши ҳам жорий йил якунига етказилади. Фарғона вилоятида ҳам Янги Ўзбекистон массивларини қуриш ишларига қатъий киришилган. Бугунги кунда вилоятнинг учта ҳудуди, хусусан, Фарғона шаҳрида ана шундай замонавий энерготежамкор технологияларга асосланган массив қурилиши учун 300 гектар майдон ажратилган бўлиб, 40 минг аҳолига мўлжалланган шаҳарчани бунёд этиш ишларининг дастлабки босқичи якуний паллага кирди. 2023 йилда Экошаҳарда жами 73 та кўп қаватли уйлар барпо этилиб фарғоналиклар ихтиёрига топширилади. Ҳудудда шунингдек, 3 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та умумтаълим мактаби ҳамда 1 та поликлиника бинолари қуриб битказилди. 4000 ўринли амфитеатр қурилиши якунланмоқда.
Уй-жойга талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда ҳам хусусий тадбиркорлар томонидан минглаб уй-жойлар қурилмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг Олмос маҳалласида ҳам 2021 йилда ҳар бири 80 квартирали 15 та уй ва ҳар бири 64 квартирали 5 та турар-жой, жами 20 та 16 қаватли уй-жойлар қуриб, фойдаланишга топширилган эди. 2022-2023 йилларда ҳар бири 80 квартирали 16 та уй, шунингдек, ҳар бири 96 квартирали 4 та 16 қаватли турар-жойлар барпо этилиб, жами 20 та 16 қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилмоқда.
– Ўтган йилда қанча ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди?
– 2023 йилнинг ўтган 11 ойида 400 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди. Жумладан, 223 та мактаб, 141 та мактабгача таълим ташкилоти, 40 та тиббиёт муассасалари бугун халқимиз ихтиёрида. Биргина пойтахтимиздаги 190-умумтаълим мактаби қурилишини олайлик. 3000 ўқувчи ўрнига мўлжалланган мазкур таълим муассасаси ўқувчиларга билим бериш баробарида касбий кўникмаларини оширишга ҳам йўналтирилган. 2021 йилнинг декабрь ойида давлат раҳбарининг муассасага ташрифидан сўнг ўқув даргоҳидаги шароитлар тамоман бошқача қиёфага кирди. Сузиш ҳавзаси, замонавий аудиториялар, сартарошлик, тикувчилик, дизайнерлик, сингари 10 дан ортиқ касбга ўргатиш хоналари, компьютер технологиялари фарзандларимизни замонавий таълим стандартларига мос билим олишларига хизмат қилади.
Гап таълим соҳаси объектлари қурилиши ҳақида борар экан Муҳаммад ал- Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида бунёд этилаётган филиали биноси ҳақида ҳам фикр юритиш ўринли, албатта. Эътиборли томони ушбу йилда Янги Ўзбекистон кўчасида ҳам халқаро стандартларга мос янги халқаро таълим муассасасининг қурилишига тамал тоши қўйилди. Пойтахтимизда қурилган ушбу бино ҳам шарқ тилларини ўзлаштираётган ёшлар учун муносиб туҳфа бўлди.
2023 йил мамлакатимизда спорт иншоотлари қурилишига қаратилган эътибор билан ҳам эсда қоларли бўлди. Хусусан, дунё давлатларида аналоги кам учрайдиган Олимпия шаҳарчаси қурилиши бошланди. Ушбу лойиҳанинг қиймати 289 миллион доллардан зиёд бўлиб, шаҳарча майдони 100 гектарга тенг. Бу ерда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншоотлари, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилади. Лойиҳа дунёнинг 70 та мамлакатида спорт иншоотлари қурган Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси билан биргаликда амалга оширилмоқда. Қурилишга мингдан зиёд ишчи ва муҳандислар, илғор техникалар жалб қилинган.
Спорт объектлари ҳақида сўз борар экан, яна бир йирик лойиҳа ҳақида фикр билдирмасликнинг иложи йўқ. Гап шундаки, 2022 йилнинг 14 мартида давлатимиз раҳбарининг иқтидорли спортчиларни тайёрлаш, Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз фаолиятини кенг тарғиб этиш мақсадида Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби ва гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактаби ташкил этилишини назарда тутадиган муҳим қарорлари қабул қилинган эди. Халқаро талабларга жавоб берадиган моддий-техника ҳамда ўқув-машғулот базалари билан таъминланган мактаб барпо этиш ишларини юртимизда спортга бўлган давлат эътиборининг яна бир намунаси бўлди дейиш мумкин. Андижондаги ушбу спорт мажмуаси ҳам 2023 йилда қурилган йирик иншоотлар сирасидандир. Бир вақтнинг ўзида спортнинг турли йўналишларида машғулотлар ўтказиш имконига эга мажмуа халқаро талабларга мос равишда зарур инвентарлар билан жиҳозланди.
Дарвоқе, юртимизда футбол спортига эътибор катта. Хусусан, Равшан Эрматов номидаги футбол академияси қурилиши бўйича ҳам самарали ҳаракатлар бошланган. Шуни алоҳида қайд этиш жоиз, 2023 йил тиббиёт соҳасида ҳам янги қурилишлар йили бўлди. Кўплаб тиббиёт муассасалари қуриб фойдаланишга топширилди. Хусусан, Бухорода Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг янги биноси бугун талабалар ихтиёрида. Ушбу таълим маскани ўтган асрнинг 50-60 йилларида қурилган. Бинолари тарқоқ жойлашган эди. Инвестиция дастури доирасида шаҳар чеккасида институт учун янги мажмуа қурилиб, жорий йил май ойида фойдаланишга топширилди. Мажмуа 900 ўринли ўқув биноси, 200 ўринли клиника, симуляция ўқув маркази, спорт зали, 1 минг 200 ўринли талабалар ётоқхоналари, ошхонани ўз ичига олган ҳамда яхлит жойлашган. Бу ерда шунингдек, Фанлар академияси Иммунология ва инсон геномикаси институти филиали ҳам ташкил этилган.
Яшнобод туманида иккита йирик шифо маскани – Миллий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази барпо этилди. Шифо маскани ҳудуди тўрт гектардан ортади. Жами бир ярим минг квадрат метр майдонга эга еттита бино барпо этилган. Қурилиш ва жиҳозлашда хорижнинг илғор тажрибасига таянилган. Шу боис архитектураси мукаммал. Шошилинч ёрдам, реанимация, инфекцияли ҳолатлар – барчаси инобатга олинган.
– Иқтисодиёт объектлари ҳам қуриб фойдаланишга топширилдими?
– Пойтахтимиз маркази “Tashkent City” ҳудуди чин маънода мегаполисга айланди. Осмонўпар “Nest One” бизнес ва турар жой биноси, анжуманлар маркази, "Ҳилтон" меҳмонхонаси ва унинг ёнида жойлашган концертлар ҳамда опера томошалари учун 150 ўринли маданият маскани барпо этилди. Ҳудуддан ATB “Sanoatqurilishbank”, “Aloqabank” ва “Asaka” банкларининг премиум офислари жой олди. Баландлиги 33 қаватли, майдони 81 минг квадрат метр бўлган “Саноатқурилишбанк” офисининг том қисмида вертолёт майдончаси ўрнатилган бўлса, 80 минг квадрат метр майдонга эга 26 қаватли “Алоқабанк” биносининг лойиҳа қиймати 100 млн. долларни ташкил этади. 64 минг квадрат метр майдонга эга “Асака” банк офисининг 26 қаватли биноси эса улуғвор композицияни мукаммал тўлдира олган. Шунингдек, пойтахтимизда бунёд этилган Халқ банкининг янги бош биноси ҳам шаҳримиз кўркига кўрк қўшди.
– 2023 йилда мамлакатимизда қанча туризм, кўнгилочар маскан ва хиёбонлар барпо этилди?
– Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳам 2023 йилда буткул янгича қиёфага кирди. Ўтган вақтда 12 миллион долларлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, шароитлар яхшиланди. 43 та янги аттракцион ўрнатилиб, уч юздан зиёд иш ўрни яратилди. Илгари боғга кунига 30 минг атрофида меҳмон келган бўлса, реконструкциядан сўнг ўртача 60 минг киши ташриф буюрмоқда. Пойтахтимиздаги аксарият кўчалар хусусан, Ботир Зокиров ҳамда Алишер Навоий кўчалари, шунингдек, Нукус кўчалари ҳам бугун ўзгача фусункорлик касб этмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 6 апрелдаги фармонига асосан “Зомин” туристик-рекреацион зонаси дирекцияси фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг учун туристик зона ҳудудидан 2007 гектар, шундан туристик зонада инфратузилма объектларини қуриш учун 700 гектар ер майдони ажратилди. Австриянинг лойиҳалаштириш консалтинг компанияси билан имзоланган шартномага мувофиқ ҳамкорликда муайян ишлар олиб борилди. “Зомин” туристик-рекреацион зонасининг бош режасига мувофиқ ҳудудда дастлабки қиймати 2,8 триллион сўм бўлган анжуманлар саройи, оилавий кўнгилочар маркази, 4 та тўрт юлдузли, 7 та уч юлдузли меҳмонхона, 5 та замонавий дор йўллари, 6 та апартамент уйлар, 7 та ресторан ва кафелар, 8 километрли тоғ чанғи учиш трассаси, 13 та аттракционлар қурилиши режалаштирилган. Бугунги кунда “Суффа” платосида тижорат банкларининг маблағлари ҳисобидан 3 та замонавий 360 ўринли меҳмонхонанинг қурилиш ишлари якунланди. “Зомин” осма дор йўлининг узунлиги 2 640 метр бўлиб, 12 минорали 11 устундан ташкил топган.
– Транспорт логистикасида амалга оширилган қурилиш бунёд корлик ишлари тўғрисида ҳам маълумот берсангиз.
– 2023 йил пойтахтда жамоат транспорти тизимида ҳам катта воқелик бўлди. Гап шундаки, метронинг “Дўстлик” (собиқ “Чкалов”) бекатидан Қўйлиқ мавзесигача бўлган ерусти метро линиясининг биринчи босқичи 2020 йил август ойида ишга туширилган эди. Ўша йилнинг декабрь ойида Чилонзор линиясининг давоми бўлган Сергели филиали очилди. Ҳозирда лойиҳанинг иккинчи босқичи якунланди – “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги” деб номланган ерусти линияси Сергели филиали билан боғланди. Мазкур иккинчи босқич доирасида 12 километр эстакада йўли ва 7 та бекат барпо этилган.
2021-2025 йилларда қурилиш тармоғини модернизация қилиш ва инновацион ривожлантириш бўйича стратегия ва йўл харитаси тасдиқланди. Ўтган олти йил давомида шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари бўйича жами 1370 та шаҳарсозлик ҳужжатлари, жумладан 202 та шаҳар ва шаҳарчаларнинг бош режаси ва 1 минг 168 та қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинининг бош режаси билан биргаликда батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида жами 1 минг 944 та маҳалланинг бош режа схемалари тайёрланди. Дарвоқе, 2023 йилда яна 225 та шаҳарсозлик ҳужжатлари, жумладан, 11 та шаҳар ва 50 та шаҳарчалар бош режалари, 42 та ҳудуднинг мастер режаси ҳамда 122 та қишлоқнинг бош режаларини тайёрлаш бўйича ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
Айти технологиялари бошқа соҳалар қатори қурилиш индустриясига ҳам жадал кириб боряпти. Бугунги кунда вазирликнинг рақамлаштириш йўналишидаги ишлари такомиллашди. Фаолиятда 15 та ахборот тизими жорий этилди.
Соҳада “Қурилиш назорати” ахборот тизими жорий қилиниб, назорат жараёнлари автоматлаштирилгани ҳам айни муддао бўлмоқда. Бинобарин, ушбу тизим орқали 2022 йилда 30 мингдан ортиқ объект назоратга олинди. Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидан ташқари бир қатор электрон онлайн платформалар ҳам ишга туширилди. “Қурилиш сифати назорати”, “Лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси”, “Мақсадли дастурлар мониторинг тизими”, “Огоҳ фуқаро”, “Геопортал”, “Қурилиш материаллари классификатори” тизимлари шулар сирасидандир.
Қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш, янги энерготежамкор яшил технологияларга асосланган корхоналар қурилишида ҳам 2023 йил сермаҳсул бўлди. Соҳага бозор тамойиллари жорий қилингани натижасида юзлаб хусусий буюртмачи компаниялар шаклланди. Йиғма темир-бетонли кўп қаватли уйлар қурувчи 11 та йирик кластер пайдо бўлди. Тадбиркорларга шароит яратилгани туфайли цемент, газоблок, кафель, керамогранит ишлаб чиқариш кўпайиб, уларнинг нархи 2016 йилга нисбатан тенг баробарга арзонлашди. Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2023 йил якунига қадар соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 34,2 трлн. сўмни, ўсиш сурати эса 111,5 фоизни ташкил этиши режа қилинган. Соҳанинг мамлакат саноатидаги улуши 5,9 фоизни ташкил этади.
Қурилиш материаллари ҳақида сўз борар экан, шу йилнинг йирик лойиҳаларидан бири газоблок ишлаб чиқарувчи йирик корхона фаолияти ҳақида сўз айтмасликнинг иложи йўқ. Германиялик ҳамкорлар билан ташкил этилган корхона маҳсулотлари тўлиқ маҳаллийлаштирилган. Корхона йилига 450 минг метр куб газобетон ишлаб чиқариш имкониятига эга. Ҳозирда бу ерда 150 нафардан ортиқ ёшлар меҳнат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг 32 йиллик тарихида биринчи марта намунавий, жаҳон стандартларга мос “Янги Тошкент” мега лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб амалга оширган яна бир муҳим ташаббуси билан шаҳардан ташқарида, замонавий архитектура ютуқлари асосида янги марказ қуришга старт берилди.
Ушбу улкан лойиҳа учун Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 720 гектар ер танлаб олинган. Биринчи босқичда 2,5 минг гектарда 100 минг аҳоли учун уй-жойлар ва инфратузилма объектларини қуриш режалаштирилган. Дирекция томонидан етакчи хорижий компаниялар жалб этилиб, ривожланган мамлакатларда муваффақиятли синовдан ўтган амалиётлар асосида Бош режа, тармоқ режалари ва манзилли дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳада яшиллик, қулайлик ва тежамкорликка алоҳида эътибор қаратилган, фаол иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт уйғунлаштирилган, транспорт тармоқлари пойтахтимиз билан оқилона боғланган.
Умуман айтганда, Янги Тошкентнинг “ақлли” ва “боғ шаҳар” бўлиши назарда тутилмоқда. Маъмурий марказда давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, кутубхона, тарих музейи, маданият саройлари жойлашади. Шунингдек, шаҳарда ишбилармонлик ва инновация туманлари, таълим, тиббиёт ва туризм кластерлари бўлади. 420 гектар майдонда марказий боғ, мавзелар орасида сунъий канал ва кўллар, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари бўйида сайилгоҳлар ташкил қилиниб, одамларнинг дам олиши учун сўлим шароитлар яратилади. “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси шу жойдан бошланади. Бу компонентлар лойиҳаси Сингапур, Англия, Хитой, Германия, Туркия, Нидерландия, Жанубий Корея, БАА каби давлатларнинг 20 та илғор компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда қурилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар, хизматлар нафақат миллий иқтисодиётни мустаҳкамловчи таянч нуқта сифатида, балки ижтимоий йўналишдаги долзарб вазифаларга ечим топишда муҳим восита бўлаётгани эътиборга моликдир. Яъни қурилишлар Янги Ўзбекистонда янгича ҳаёт тарзини юзага чиқармоқда.
Шаҳноза Маматуропова суҳбатлашди, ЎзА