Муносабат
Мамлакатимиз ўз миллий манфаатларига асосланган ҳолда очиқ ва конструктив ташқи сиёсат олиб бормоқда. Дунёда ва минтақада шиддат билан ўзгараётган вазият ҳамда мамлакат ичидаги кенг кўламли ўзгаришларга асосланиб шаклланмоқда.
Мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабат ҳамда алоқаларни ўрнатиш халқ фаровонлиги, тинчлигининг муҳим шартларидан биридир.
Шу маънода янги таҳрирдаги Конституциямизга ҳам муҳим ғоя ва қоидаларни акс эттирувчи қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатидаги айрим ўзгаришларни алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, ташқи сиёсатнинг асосий тамойилларини белгиловчи бир қатор янги нормалар шулар жумласидандир.
Унда миллий давлатчиликни такомиллаштиришнинг янги босқичида Ўзбекистон конституциявий ривожланишининг бир қатор устувор йўналишлари белгилаб берилди. Шулардан бири, бу — Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик, ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш, тинч-тотувлик асосидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаб ривожлантиришга интилишидир.
Бундан ташқари, давлатнинг ташқи сиёсати принциплари “давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги” қоидаси билан тўлдирилди ва “тинчликсевар ташқи сиёсат” унинг асосий вектори сифатида белгиланди. Яъни Конституциянинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти экани яна бир бор таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Бош қомусимизда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланишига алоҳида эътибор қаратилган.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, аввалги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ташқи сиёсат боби фақатгина битта моддадан иборат бўлган бўлса, янги таҳрирдаги Конституцияда ушбу бобга яна бир модда қўшилди. Хусусан, 18-модда билан тўлдирилиб, унда Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга ошириши белгиланди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимиз жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига ва глобал ташаббуслар муаллифига айланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон дунёнинг 142 та давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Тошкентда 46 та чет эл элчихоналари, 3 та бош консуллик, 13 нафар фахрий консул, 24 та халқаро ташкилотлар ваколатхонаси, 26 та хорижий халқаро ҳукуматлараро ва ҳукумат ташкилотлари ваколатхонаси, 1 та савдо ваколатхонаси самарали фаолият кўрсатмоқда.
Хорижий мамлакатларда ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг 59 та дипломатик ва консуллик ваколатхонаси мавжуд.
Юртимиз 100 дан ортиқ халқаро ташкилот аъзоси бўлиб, турли кўп томонлама ҳамкорлик тузилмалари билан ўзаро шерикчилик алоқаларини ривожлантирган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасига фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган хорижий мамлакатлар сони 90 тага етди.
Бугунги давр мазкур сиёсатни изчиллик билан давом эттиришни талаб этмоқда. Чунки минтақавий ва халқаро жараёнлардаги иштироки сезиларли даражада юксалди.
Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида нафақат дунёнинг етакчи мамлакатлари билан, балки минтақа давлатлари билан ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.
Энг аввало, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқалари ҳар қачонгидан кўра анча кенгайди. Биргина 2022-2023 йилларда Марказий Осиё йўналишида 150 дан ортиқ олий ва юқори даражадаги тадбирлар амалга оширилди. Пировард натижада Марказий Осиё халқларининг бир-бирига яқинлиги таъминланмоқда, борди-келди алоқалари кўпайди, савдо-сотиқ муносабатларининг салмоғи ортди.
Ўзбекистоннинг изчил, конструктив ва мутаносиб сиёсати туфайли Марказий Осиё давлатлари билан ишонч ва ўзаро тушуниш анча мустаҳкамланди. Шу нуқтаи назардан минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг ўзига хос механизми – минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари жорий этилди.
Халқаро муносабатларда МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотлари билан Ўзбекистон фаол ишларни амалга оширди. Жанубий Корея, Япония каби мамлакатлар билан алоқалар изчил ривожланмоқда. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари эса мамлакатимиз ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямизга ташқи сиёсат соҳасида киритилган ўзгартиришлар аҳолининг фаровонлигини оширишга ва хорижий давлатлар ҳамкорлигида тадбиркорлик билан шуғулланувчилар учун икки томонлама муносабатлар, ўзаро манфаатли ҳамкорлик, айниқса савдо, инвестиция, транспорт-коммуникация алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш имкониятларини беради.
Сир эмаски, бугун жаҳоннинг етакчи ва минтақа давлатлари билан кўп қиррали ҳамкорлик қилиш тизимини ривожлантиришга, Марказий Осиё ва жаҳон сиёсатидаги муҳим йўналишлар бўйича халқаро ташаббусларини илгари суришга янги ҳуқуқий имкониятлар яратилди.
Бу мамлакатнинг халқаро ҳамжамият олдидаги ишончли шерик сифатидаги мақомининг кучайиши, обрў эътиборининг мустаҳкамланишига концептуал конституциявий асос бўлади.
Ж.Жўраев,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети
кафедраси катта ўқитувчиси.
ЎзА