2023 йилнинг 23-24 ноябрь кунлари Испанияда ўтказилган икки давлат олий таълим муассасалари ректорлари конференциясида шундай келишувга эришилди.
Испаниянинг Кадис университети базасида ўтказилган конференция Ўзбекистон ва Испания олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш, икки давлатда олий таълим трансформацияси каби мавзуларга бағишланди.

– Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг Испания Қироллиги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги 2012-2013 йиллардан бошлаган, – дейди институт ректори, профессор Муҳиддин Пўлатов. – Европа Иттифоқининг Эрасмус+ дастури доирасида турли лойиҳаларда Испаниянинг бир қатор олий ўқув юртлари билан биргаликда фаолият олиб борганмиз. Жумладан, CANEM I, CANEM II, KA 107 лойиҳаларида ҳамкорликда ишлаганмиз. Кейинчалик Испаниянинг Гранада ва Лас Палмас Де Гран Канария университетлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган ва талабалар ва ходимлар академик мобиллиги йўлга қўйилган, қисқа ва узоқ муддатли стажировкалар амалга оширилган. Эрасмус+ дастури доирасида 2017 йилда Гранада университети (UGR) билан англашув меморандуми имзоланган.

СамИСИ ва Испания университетлари ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида бакалавриатда туризм, магистратурада иқтисодиёт, менежмент йўналишларида академик алмашинувни ташкил этиш, туризм ва сервис йўналиши талабаларининг амалиёт ўташини йўлга қўйиш, магистрант ва докторантлар стажировкасини ташкил этиш, Эрасмус+ дастури доирасидаги танловларда ҳамкорликда тайёрланган лойиҳалар билан қатнашиш, Испания университетлари профессор-ўқитувчиларининг бизнинг институт томонидан ташкил этилган илмий конференция ва семинарларда қатнашишини таъминлаш ҳамда қўшма докторантураларни ташкил этиш каби таклифлар илгари сурилди.

Конференция якунлари бўйича Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Испаниянинг Ҳуелва университети ўртасида халқаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларидан бири бу талабалар ва ўқитувчилар алмашинувидир. Биз бу борада қўшма алмашинув дастурларини ишлаб чиқишимиз мумкин.

Бундан ташқари Ҳуелва университети билан қўшма тадқиқотлар ўтказиш, илмий мақолалар ва адабиётлар нашр этиш, шунингдек, конференция ва семинарлар ташкил этишда ҳамкорлик қилмоқчимиз.
Маълумотларга кўра, Испания университетлари юқори халқаро эътирофга эга ва дунёдаги энг яхшилар қаторига киради. 2023 QS World University Rankings рейтингига киритилган дунёдаги энг яхши 1000 та университетнинг 24 таси Испанияга тегишли. Мамлакатнинг 5 та энг нуфузли университети барқарор равишда топ 300 олий ўқув юрти қаторида эътироф этилади.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири