Дунёда йўлдош алоқанинг жадал суръатлар билан ривожланиши, ушбу соҳада янги технологияларнинг жорий этилиши республика ҳудудида Интернет ва замонавий сифатли алоқа қамровини кенгайтириш учун шароитларни яхшилашга доир янги технологик имкониятларни яратмоқда.
Бироқ мамлакатимизда халқаро телекоммуникациялар тармоқларининг турларидан бири сифатида йўлдош алоқа тармоқларининг ривожланиши учун етарли шарт-шароитлар мавжуд эмас. Бундай фаолият тури билан шуғулланиш учун давлат божи миқдорининг юқорилиги ушбу алоқа воситасидан маҳаллий тармоқларда фойдаланишга, шунингдек, тоғли ва олис ҳудудларда Интернет ҳамда алоқа қамровини янада кенгайтиришга тўсқинлик қилмоқда.

Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига республика ҳудудида Интернет ва алоқа қамровини кенгайтириш учун шароитларни яхшилашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ана шу муаммоларни бартараф этишга қаратилган.
Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга кўчма радиотелефон алоқага тааллуқли лицензияланадиган фаолиятнинг мавжуд кичик турлари республика ҳудудида кўчма йўлдош алоқа тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатиш каби фаолият тури билан тўлдирилишини, шунингдек, республика ижро этувчи ҳокимият органининг номи аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун республика ҳудудининг юқори тезликдаги Интернет ва сифатли алоқа билан қамраб олинишини таъминлашга, йўлдош алоқа тармоқларини ривожлантиришга ҳамда телекоммуникациялар соҳасидаги имкониятларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА