Корея Республикасида бўлиб турган мамлакатимиз таълим делегацияси аъзолари бугун KERIS (Korea Education and Research Information Service) ташкилоти, Daegu таълим департаменти ҳамда “Sun Moon University” ҳамда университет тасарруфидаги “Korea Language Institute” фаолияти билан танишди.
KERIS ташкилотига ташриф давомида ўзбекистонлик вакиллар рақамли дарсликларни яратиш ва амалиётга татбиқ этиш, рақамли дарсликларнинг афзалликлари, виртуал лаборатория ишларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, таълим жараёни бошқарувини янада такомиллаштиришда автоматлаштириш ва бошқарувнинг айрим қисмларида сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда жорий этилган Президент, Ихтисослаштирилган мактаблар, ITга ихтисослаштирилган мактаблар, уларда фойдаланилаётган ўқув дастур, дарсликлар ҳақида маълумот берилди.
Бугунги кунда “Korea Language Institute”да 50 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олади. Таълим делегацияси вакиллари ва талабалар ўртасида бўлиб ўтган мулоқот жараёнида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, таълим соҳасидаги ўзгаришлар ҳамда ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақидаги маълумот берилди.
Таълим ташкилотларидаги музокараларда юртимизда мактабгача ва мактаб таълими соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва режалаштирилган устувор вазифалар ҳақида фикр алмашилди. Келажакда ўқувчилар ва кадрлар алмашинуви масалалари муҳокама қилинди.
Бу ҳақда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангиров маълум қилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА