Бугун Тошкентда ўтказилган йиғилиш “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисобига бағишланди.
Унда вазирлик ва идоралар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари, Ислом тараққиёт банки, БМТТД ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Бирлашган лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи директори Зафар Ўроқов, БМТТДнинг мамлакатимиздаги доимий вакили ўринбосари Анас Файяд Қарман ва бошқалар сўзга чиқиб, ушбу лойиҳанинг қишлоқ аҳолиси ҳаётидаги аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, ушбу қўшма лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва БМТТД ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Ислом тараққиёт банки ва OPEKнинг Халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан эса лойиҳа молиялаштирилаётир. Лойиҳадан кўзланган мақсад қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш орқали аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилган.
– Лойиҳа тўғрисида қисқача тўхталадиган бўлсак, унинг биринчи босқичида биз Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларини қамраб олганмиз. Яъни, бунга умумий қиймати 275 миллион доллар маблағ жалб қилинмоқда. Бугунги кунда лойиҳа бўйича 4 ҳудуддаги 20 тумандан 170 маҳалла танлаб олиниб, ушбу маҳаллаларда 900 дан ортиқ сублойиҳалар аниқланган. Бу лойиҳанинг бошқаларидан фарқи шундаки, у аҳоли ва жамоатчилик фикри асосида шакллантирилади. Лойиҳа уларнинг долзарб масалалари асосида амалга оширилади. Айни пайтда лойиҳанинг икки босқичи ҳам бошланган ва у Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида татбиқ этилади. Танлов тартиби биринчи босқич талаблари асосида ташкил этилади, – деди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Бирлашган лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи директори З.Ўроқов.
Йиғилишда лойиҳа асосида бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди. Унга кўра, 57 маҳалла фуқаролар йиғинида сафарбарлик семинарлари ташкил этилган. Уларда 3303 нафар аҳоли иштирок этди. Аҳамиятлиси, аҳоли билан биргаликда 40 та маҳалланинг кластер ривожлантириш режалари ишлаб чиқилди. Уларда 40 та марказий ва 130 та ёндош маҳаллаларда мавжуд ижтимоий инфратузилма объектларини қайта таъмирлаш ва янгиларини қуриш бўйича 900 та сублойиҳалар киритилган. Сублойиҳалар қаторида йўлларни асфальтлаш ва йўлаклар қуриш, ирригация тизимини яхшилаш, сув ва электр таъминотини яхшилаш, кўчаларни ёритиш, кўприк қуриш, канализация ва дренаж тизимини яхшилаш кабилар шулар жумласидан. Бу ишлар 2024-2025 йилларда амалга оширилади ва фойдаланишга топширилади. Амалга оширилаётган сублойиҳаларни мониторинг қилиш учун 170 та маҳалла фуқаролар йиғинида 2088 нафар аҳоли, жумладан, 558 нафари хотин-қизлардан ташкил топган ташаббус гуруҳлари ташкил этилган.
– Аввало, ушбу лойиҳани татбиқ этишда ҳамкорлик қилаётган ташкилотларга ўз ташаккуримни билдираман, – деди БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Анас Файяд Қарман. –Ушбу лойиҳа қўшма лойиҳа бўлиб, мақсад қишлоқ ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолига қулайлик яратиш ва уларнинг ўзлари иштирокида мавжуд масалаларни биргаликда ҳал этишдир. Лойиҳа 2022-2025 йилларга мўлжалланган бўлиб, ушбу тадбирда жорий йилги ишлар ва келгуси режалар таҳлил қилинди. Албатта, бу маълумотлар лойиҳанинг янада аҳамиятли эканидан далолатдир.
Айтиш жоизки, ҳозирги кунда ишлаб чиқилган маҳаллани ривожлантириш режалари асосида 71 та янги қурилиш ишларини амалга ошириш учун керакли чора-тадбирлар бошланган. Қолган 829 та сублойиҳани амалга ошириш мақсадида Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи томонидан консалтинг компаниялари жалб қилинган ва уларнинг амалий ишлари 2024 йилнинг биринчи чорагида бошланади.
Шунингдек, йиғилишда лойиҳа доирасида қилинган ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан келган вакиллар ҳамда 2024 йилдаги режалар бўйича Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари масъуллари сўзга чиқди.
Шундан сўнг БМТТД лойиҳа менежери Бахтиёр Сайфиддинов мазкур лойиҳа бўйича эришилган натижалар ва режалар хусусида тақдимот қилди. Унга кўра, жорий йил давомида экологик фалокат ва атроф-муҳит деградациясининг қишлоқ хўжалиги ва аҳолига таъсирини таҳлил қилиш, шаҳарсозлик бозорининг салоҳиятини ва маҳаллий мутахассисларнинг таълимга бўлган эҳтиёжларини баҳолаш каби бир қатор масалаларда тадқиқотлар ўтказилган.
[gallery-15070]
– Мутахассислар салоҳиятини ошириш мақсадида шаҳар ва қишлоқлар бош режаларини ишлаб чиқиш, агроэкология, AutoCAD ва 3DMAX дастурларини қўллаш, 3 та платформада давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш бўйича 6 та тренинг ташкил этилди. Уларда 2 минг 859 нафар иштирокчи қамраб олинди. Тажриба-синов тариқасида 4 та ҳудудда қишлоқ хўжалиги ерлари ва боғларни зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида 4 та агрометеорология станцияси ўрнатилди, – деди Б.Сайфиддинов ўз тақдимотида.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА