10 декабрь – Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинган кун
Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганига 75 йил тўлди. БМТ Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида қабул қилиниб, ташкилотга аъзо барча мамлакатларга тавсия мазмунига эга бўлган мазкур Декларация Ер сайёрасида яшаётган инсонларнинг барчасига бирдек тегишли бўлган ҳуқуқларни очиқлайди. Бу ҳужжат дунёнинг шу кунгача беш юздан ортиқ тилига таржима қилинган бўлиб, энг кўп таржима қилинган ҳужжатдир. 30 моддадан иборат Декларация инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонуннинг таркибий қисми ҳисобланади
Инсон ҳуқуқларига оид қонунчилик 3 босқичда яратилган. Биринчи босқич Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари француз декларациясидан бошланиб, то биринчи жаҳон урушигача бўлган даврни ўз ичига олади. Ушбу босқичда шахс эркинлиги, дахлсизлиги ва фуқаролар тенглиги, хусусий мулк, сайлов ҳуқуқларига оид масалалар ўрин эгаллаган.
Инсон ҳуқуқларининг иккинчи босқичи XX асрнинг 1-ярмини ўз ичига олиб, бунда инсоннинг меҳнат қилиши, дам олиши, ижтимоий ёрдам олиши каби ҳуқуқлари қонунчиликнинг асосий қисмини эгаллаган.
XX асрнинг 2-ярмидан бошлаб ҳозиргагача бўлган давр – инсон ҳуқуқлари қонунчилигининг учинчи босқичи ҳисобланади ва бу йиллар давомида инсонларни тинч яшаш, соф ва тоза атроф муҳитга эга бўлиши, ахборот олиш ҳуқуқларига катта эътибор қаратилган
Ҳозирги даврда инсон ҳуқуқларига оид БМТ томонидан 70 га яқин, Европа Кенгаши Бош ассамблеяси томонидан 160 дан зиёд, ЮНЕСКО томонидан 70 дан, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан эса 30 дан ортиқ халқаро конвенциялар, декларациялар, пактлар қабул қилинган.
Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда инсон ҳуқуқлари бўйича 400 га яқин халқаро ҳужжат мавжуд. Шулардан энг муҳими, БМТ Бош ассамблеясининг резолюцияси билан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳисобланади. Бутун дунёда инсон ҳуқуқларига тааллуқли бўлган қонун ҳужжатлари мана шу БМТнинг ҳужжати асосида ишлаб чиқилиб, қабул қилинган.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси барча мамлакатлар каби Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳам ўзагини ташкил этади ва мамлакатимиз асосий қомусининг яратилиши инсон ҳуқуқларига оид қонунчилик тизимининг учинчи босқичига тўғри келади.
Маълумки, жорий йилнинг 30 апрель куни мамлакатимизда биринчи маротаба умумхалқ референдуми орқали янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Асосий қонунимизнинг 65 фоизи халқ муҳокамаси ва таклифлари асосида янгиланиб, Инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баробарга оширилди. Шу нуқтаи назардан ёндашилса, инсон ҳуқуқларининг деярли барча моддалари Конституциямизда ўз аксини топган десак, тўғри бўлади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг моддаларини қарайдиган бўлсак, улар Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги нормалар билан уйғун эканлигини кўришимиз мумкин.
Жумладан, Декларациянинг 3-моддасида “Ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эгадир”, дейилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддасида эса “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”, деб белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, ҳар иккала ҳужжатда юқорида қайд этилган ҳуқуқлар ҳар бир инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари эканлиги мустаҳкамланган.
Шунингдек, Декларациянинг 5-моддасида ҳеч кимнинг қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги кераклиги белгиланган бўлса, Конституциямизнинг 26-моддасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз экани, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги қайд этилган. Шу билан бирга, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланган.
Ҳеч ким асоссиз қамалиши, ушланиши ёки қувғин қилиниши мумкин эмаслигига оид нормалар Декларациянинг 9-моддасида, Янгиланган Конституциямизнинг эса 27-моддасида мустаҳкамланган.
Бош қомусимизнинг 28-моддасига кўра, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз, деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади. Ушбу норма Декларациянинг 11-моддасида белгиланган.
Юқоридаги маълумотлар мамлакатимиз Конституцияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг асосий ғоя ва қоидаларини ўзида мужассамлаштирган ҳамда замон ва маконга мос равишда такомиллаштирилганини сўзсиз тасдиқлайди. Бу эса миллий қонунчилигимиз дунё миқёсда тан олинган ҳуқуқ ва эркинликлар ҳамда халқаро стандартлар асосида шакллантирилаётганлигини билдиради.
Шуҳрат Жўраев,
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили
(омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили.
ЎзА