Бугуннинг долзарб мавзуси
Сув – бебаҳо неъмат. Уни асраб-авайлаб ишлатиш, исроф қилмаслик ҳар биримизнинг зиммамизга масъулият юклайди.
Ичимлик суви таъминоти, сувнинг ишлаб чиқариш таннархи ва нархидаги тафовутлар, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги саволларимизга жавоб олиш мақсадида “Ўзсувтаъминот” АЖ бош мутахассиси Акмал Қодировни суҳбатга тортдик.
–Дунёнинг кўплаб давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ичимлик суви танқислиги долзарб муаммолардан бири. Буни мамлакатимизда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 74,4 фоиз эканидан ҳам англаш қийин эмас. Шундай экан, сувни тежамасак, мамлакатда сув таъминоти тизими қандай бўлади?
–Ичимлик суви ҳажми, айниқса, бизнинг минтақада жуда чекланган ва аҳоли эҳтиёжи ортиб борган сари у янада камайиб бормоқда. Бундан ташқари, аҳолининг ичимлик суви таъминоти катта харажатларни талаб этади. Шундай экан, сув тежаб ишлатилгандагина, уни ҳаммага етказиш мумкин. Тежамкорликка эса, биринчи навбатда, реал таннархни қоплай оладиган ва одамларни сувни исроф қилмасликка мажбур қиладиган даражадаги тарифлар билан эришилади.
Сув таъминоти яхши йўлга қўйилган исталган давлатни олинг, тежамкорлик ҳисси маданиятнинг ажралмас бўлагига айланган. Аммо тан олиб айтиш керакки, ҳозирги тарифлар билан аҳоли ўртасида тежамкорлик маданиятини шакллантириб бўлмайди. Сув қанча арзон бўлса, уни шунча исроф қиламиз. Фақат бозор нархларигина одамларни сувни тежашга ундаши, мотивация бериши ва мажбур қилиши мумкин. Ҳозирги кунда ичимлик суви ишлаб чиқариш ва уни аҳолига етказиб бериш сувни жамлаш, тозалаш, ҳар соатда лаборатория текширувларидан ўтказиш, минглаб километрлик қувурлар ва насослар орқали марказлашган тарзда етказиш сингари бир нечта мураккаб босқичлардан ўтади.
–Ўзбекистон ҳудудида ичимлик суви таъминотининг 42 фоизи ер ости ва 58 фоизи ер усти сув манбаларидан олиниб, қайтадан ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда 1 м3 ичимлик сувини ишлаб чиқаришнинг ўртача таннархи 1 681 сўмни ташкил этмоқда. Хўш, таннарх шаклланишига асосий ишлаб чиқариш харажатларидан бошқа яна қандай омиллар таъсир қилади?
–Тарифлар сўнгги 3 йилдан буён ўзгармай келаётганлиги натижасида таннарх ўрта ҳисобда 40 фоизга ошган, таннарх харажатлари ҳисобидан 960 миллиард сўм қопланмасдан қолган. Бу эса қўшимча қарз харажатларини келтириб чиқаради. Сўнгги 3 йилда истеъмолчилар сони 3,2 миллион нафарга (808 минг абонент) ошган. Уларга ичимлик суви етказиб бериш эса янада кўпроқ меҳнат ва харажатларни талаб этиши табиий. Шунингдек, сувни узоқ масофага етказиш жуда катта электр энергияси талаб этувчи насослар орқали амалга оширилади. Қолаверса, бу йил электр энергияси харажатлари ошганини ҳам эслаб ўтиш жоиз. Мунтазам равишда юзага келадиган авария ҳолатларини бартараф этиш, тармоқларни жорий ва мукаммал таъмирлаш харажатлари, хуллас, ичимлик суви таъминоти тизимида бозор нархлари механизмларига ўтиш вақти аллақачон етиб келган.
–Аҳоли орасида тўлов интизомини шакллантириш, марказлашган тоза ичимлик суви таъминоти тармоқлари ва оқова сув хизматларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
–Бу борада тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бораяпмиз. Оммавий ахборот воситалари, боғча ва умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Қабул қилинаётган янги қонун, қарорлар ҳам истеъмолчиларни бирмунча ҳушёрликка чорламоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда сув таъминоти ва канализация хизматлари бўйича қарздорлик туфайли тармоқдан узилиш ҳолатлари юзасидан 6120 нафар истеъмолчи томонидан етказилган жами 34 миллиард сўмлик зарарни ундириш мақсадида фуқаролик ва иқтисодий судларга тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, сув таъминоти ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, истеъмолчининг қарздорлиги бўйича амалдаги қонунчиликда маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, қонунбузарларга тегишли тартибда чоралар кўрилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, сув таъминоти ва канализация тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари бўйича бирон-бир маълумотга эга бўлсангиз, бу ҳақда акциядорлик жамиятимизнинг 1255 қисқа рақамига қўнғироқ қилишингиз ёки ижтимоий тармоқлардаги, хусусан Телеграм мессенджеридаги махсус гуруҳимизга ёзиб, хабар беришингиз мумкин.
– Бугунги кунда тизимда кадрлар сиёсати, уларнинг малакасини оширишда аҳвол қандай?
–Айни вақтда “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимида жами 23 011 нафар ходим фаолият юритади.
Ўтган уч йил давомида соҳада кадрларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб иш шароитлари билан таъминлаш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилган. Жумладан, иш ҳақи миқдорини ошириш бўйича жараёнлар давом этмоқда.
Жамият ва унинг тизимидаги корхоналар 10 дан ортиқ олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. Олий ўқув юрти битирувчиларини тизим корхоналарига ишга жойлаштириш бўйича амалий ишлар йўлга қўйилган.
Жорий йилда тизимда фаолият олиб бораётган ходимлар халқаро молия институтларининг дастурлари асосида Туркия, Франция, Буюк Британия, Венгрия, Швеция, Россия давлатларида малака оширди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига асосан, Осиё тараққиёт банки ҳамда Корея Eksimbanki техник кўмаги асосида “Ўзбекистонда ичимлик суви йўқотишларини қисқартиришни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида хорижий илғор тажрибани ўрганиш мақсадида “Ўзсувтаъминот” АЖ ва ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг 80 нафар ходими Жанубий Кореяда малака оширди.
Бундан ташқари, соҳа ходимларининг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш ишларини доимий ва сифатли амалга ошириб бориш мақсадида ташкилотимиз Корея Республикасининг “K-water” компанияси билан ҳамкорликда “Илмий марказ” ташкил этмоқда. Марказда мутахассислик йўналишлари бўйича кадрлар малакаси ошириб борилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/VNAxRtynCtY?si=s03URS8_73PxBHIl" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Нилуфар Бозорова,
Нишонбой Абдувоитов (видео),
ЎзА мухбирлари