Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК матбуот хизмати раҳбари Тўйчи Мирзаев маълум қилган.
Тошкентда 3 йил олдин метрополитен бекатлари сони 29 тани ташкил этган бўлса бугунга келиб бекатлар сони 48 тага етди. Аммо жамоат транспортининг бу тури билан боғлиқ ҳал этиладиган муаммолар ҳали кўп.
Сўнгги вақтларда метроларда кузатилаётган техник носозликлар тўғрисидаги маълумотларни тез-тез учратиш мумкин.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, яқин ўтган кунларда метрополитен ҳаракати таркибларида 6-7 маротаба 2 дақиқадан 12 дақиқагача тўхтаб қолиш ҳолатлари кузатилган.
Нега Тошкент метрополитенида тез-тез техник носозлик ҳолати кўп кузатилмоқда? Аслида метро поездлари қанча вақтда ва қай тартибда техник кўрикдан ўтказилади?
Мазкур саволлар юзасидан “Тошкент метрополитени” ДУК матбуот хизмати раҳбари Тўйчи Мирзаев бир қанча маълумотларни тақдим этди.
Мутахассисга кўра, ҳаракат таркиблари ва қурилмалари мавжуд электродеполарда тизимли равишда белгиланган жадвал бўйича техник кўрикдан ўтказиб келинади. Йўналишларнинг сўнги бекатларига борилганда ҳам ҳаракатга чиқишдан олдин машинистлар томонидан текширув ишлари олиб борилади. Аммо йўловчилар сонининг кескин кўпайиши метро вагонларга белгиланган йўловчилар сонини 2 марта кўпайиши ва бунинг ҳисобига вагонларга нормадан ортиқ юклама тушиб кетиши метро поездларини тез-тез бузилишига олиб келмоқда. Шу билан бирга, йўловчилар томонидан метрополитендан фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмаётганлиги яъни, ҳаракатланиш вақтида ўзаро ҳурматни сақлаш, поезд ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида туриб қолиш, манзилга келгач поезддан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суяниш ҳамда поезднинг бош ва сўнги вагонлари билан бир қаторда ўрта вагонларидан тенг фойдаланмаётганликлари асосий сабаблардан биридир. Шунингдек, йўловчилар томонидан вагонларда ва метрополитен ҳудудида шахсий буюмларни қолдириб кетиш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Бунда текшириш мақсадида, йўналишдаги поездни ҳаракати йўналишидан олинади ва ҳаракат интервалини узайишига олиб келади. Бу каби ҳолатлар бир ой давомида 9-10 маротаба учрайди.
Таҳлилларга кўра, йўловчилар оқимининг салмоқли қисми эрталабки тиғиз вақт (7:30 дан 9:30 гача) ва кечги тиғиз вақтга (15:30 дан 19:00 гача) тўғри келиши маълум бўлган.
Қайд этилишича, метрополитен нозимлари (диспетчер) томонидан кўрилган зарурий чоралар натижасида, электропоездларнинг тезкор равишда жадвал (график) асосида ҳаракатланиши ташкил қилинади.
2024 йил давомида яна қўшимча 104 дона замонавий метро вагонларини ҳарид қилиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида тасарруфдаги ҳаракат таркибларини янгиланишига ҳамда йўналишларда поездлар оралиқ интервалини қисқартиришга эришилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА