Айни кунларда БМТ Халқаро давлат хизмати комиссияси томонидан Нью-Йорк шаҳрида “XXI асрда давлат хизматида меритократия асосида инсон ресурсларини бошқариш” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтмоқда.
Ушбу халқаро тадбирда иштирок этиш учун АҚШ, Европа ва МДҲдан давлат хизматида кадрлар сиёсатини амалга оширишга масъул ташкилотлар раҳбарлари таклиф қилинган. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов иштирок этмоқда.
Семинар БМТ Халқаро давлат хизмати комиссияси экспертлари томонидан олиб борилмоқда.

Семинар давомида кадрлар сиёсатининг замонавий тенденциялари, давлат хизматига иқтидорларни жалб қилиш ва уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш, гендер тенгликни таъминлаш, HR-жараёнларни рақамлаштириш ва бошқа масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилади.
Тадбир доирасида Ўзбекистонда соҳага оид миллий тажриба юзасидан тақдимот ўтказилди.
Шунингдек, сафар доирасида БМТ Халқаро давлат хизмати комиссияси, Америка давлат бошқаруви уюшмаси раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
М.Қосимова, ЎзА