Китобсеварларга янгилик (+видео)
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида буюк адибимиз, ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирийнинг беш жилдлик “Тўла асарлар” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу китоблар тўплами “Info Capital Books” нашриёти томонидан янгича услуб ва дизайн асосида қайта нашр этилди. Ушбу тўпламни тайёрлаш ва чоп этишга адибнинг невараси масъуллик қилган.
- Бир неча йил олдин бу китоб чоп этилган эди. Шунда тезда тарқалиб кетди, машҳур бўлди, - дейди публицист Бахтиёр Хайдаров. - Бугун энди қайта чоп этилганди ва ҳозир халқимиз кутган тақдимот бўлиб ўтяпти. Адибларимиз айтгандек, бу тақдимот адабиёт, китобхонлар байрамига айланди. Олдинги нашрларда йўл қўйилган айрим жузъий хатолар, қисқартиришлар ёки ўша ўтган тузумда давр талабига кўра олиб ташланган айрим қисмлари яна ўз жойига қайтарилиб, тўлдирилиб, мукаммал асарлар тўплами сифатида китобхонларга тақдим этиляпти.
Эътиборли томони тўпламдан севимли асарларимиздан бири бўлган “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Диёри бакр” ва “Обид кетмон” асарлари асл ҳолича тақдим этилган. Мустабид тузум томонидан олиб ташланган жойлари ҳам қайта тикланган. Шунингдек, адибнинг замондошлари, издошлари, фарзандлари ва набираларининг Абдулла Қодирий ҳақидаги билдирилган фикрлари, архив материаллари ва хотиралари асосида воқеа ва фактлар жамланди. Ҳар бир китоб ҳикматларга йўғрилган улкан хазина бўлиб, китоб ўқиш – халқимиз маънавиятини, дунёқарашини янада бойитишга улкан ҳисса қўшиши баробарида, инсон учун мувафаққият ва саодат эшикларини ҳам очиб беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HZTKO8CSodY" title="Китобсеварларга янгилик (+видео)" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов (видео), ЎзА