Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Янги Ўзбекистон китоб ва кутубхонадан бошланади” номли китоблар кўргазмаси ҳамда “Ўзбекистондадир бахтим, толеим” жамоа тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.
“Янги Ўзбекистон китоб ва кутубхонадан бошланади” номли китоблар кўргазмасидан ўзбек, тожик, қозоқ, туркман, рус тилларида нашр этилган юзга яқин китоблар жой олган.
– Барча миллатлар учун шу азиз тупроқ мўътабар Ватандир, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид. – Ватанимиз тараққиётига шу табаррук диёрда яшаётган барча миллат вакиллари ҳалол меҳнат билан муносиб ҳисса қўшмоқда. Президентимизнинг халқимизни китобхон қилишга оид эзгу ташаббуслари юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларига мансуб ижодкор зиёлиларни руҳлантиради. Айни пайтда бу эзгу ташаббус ижод завқи билан бирга зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди.
[gallery-14542]
– 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандидек яшаб келаётган Ўзбекистонимизнинг адабиёти ҳам ранг-баранг ва гўзалдир, – деди Ёзувчилар уюшмасининг халқаро алоқалар бўлими бош мутахассиси Рисолат Ҳайдарова. – Бугун тақдимоти бўлаётган китоблар сўзларимнинг ёрқин исботидир. Ушбу кўргазмада ўттиздан ортиқ миллат вакилларининг ижоди жамланган. Бу ҳам мамлакатимизда турли миллат вакилларининг самарали меҳнат қилиши учун кенг шароитлар яратилганидан дарак беради.
– Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фидойи ижодкорлар меҳнат қилиши билан бирга мазкур ташкилот юртимиздаги миллий маданият марказлари билан ҳам фаол ҳамкорлик қилади, – деди Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари Азамат Тошев. – Айни пайтда турли халқларнинг ижод намуналарини ўзбек тилига, миллий адабиётимиздаги энг сара намуналарни бошқа тилларга таржима қилишда ушбу марказларнинг вакиллари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги махсус резолюция БМТ томонидан қабул қилинганди. Бағрикенгликнинг юксак намунаси Ўзбекистоннинг тарихи, бугунги кунида ёрқин намоён бўлмоқда. 2018 йилдан буён мамлакатимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” юксак савияда ўтказилиб келинаётгани миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги ибратли интилишларнинг амалий ифодасидир.
– Бугун ҳамюртларимиз турли тилларда ижод қилсаларда, улар Ўзбекистон адабиётини ўз асарларида мужассам этадилар,– деди Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва таржимон Николай Ильин. – Юртимизда русийзабон ижодкорлар ҳам фаол меҳнат қилмоқда. “Звезда Востока”, “Восток свыше” каби нашрлар, телекўрсатув ва радио эшиттиришлар бунинг амалий натижасидир. Бу эса рус тилида мутолаа қилувчи китобхонларга янги Ўзбекистонни кенгроқ таништиради.
– Тақдимоти бўлаётган янги китобга менинг ҳам шеърларим киритилибди, – деди Лола Жуманова. – Аслида қозоқ тилида ижод қиламан. Шу азиз юртда туғилдик, униб ўсдик. Ўзбекистонни ўз жонажон Ватанимиз, деб биламиз. Қозоғистонда Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Зулфияхоним, Худойберди Тўхтабоев асарларини адабиёт мухлислари севиб мутолаа қиладилар. Бунда Миртемир, Носир Фозилов каби ижодкорларнинг муносиб ҳиссаси бор. Келгусида Турсуной Содиқованинг китобларини қозоқ тилига таржима қилиш ниятим бор. Дарҳақиқат, Ўзбекистон билан бахтимиз, толеимиз чамбарчас боғлиқдир.
Тадбирда таъкидланганидек, ўзбек ўқувчилари мамлакатимиз адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган Сергей Бородин, Явдот Илёсов, Зоя Туманова каби ижодкорларни яхши билади. Ўзбек адабиётини қардош халқларга тарғиб этишда Михаил Салье, Шерали Лойиқ, Александр Файнберг, Нинель Владимирова каби фидойиларнинг меҳнати каттадир. Уларнинг бари жонажон Ўзбекистонимизда яшаб, ижод қилганлар, ўз тақдирини шу азиз юрт билан уйғун кўрганлар. Бугун Кенгесбой Каримов, Раим Фарҳодий, Николай Ильин, Қалдибек Сейданов, Паймон, Галина Долгая каби ёзувчи ва шоирлармиз Ўзбекистон деб аталган диёрда кўп тилда яратилаётган адабиётининг муносиб вакилларидир.
Тадбирда “Ўзбекистондадир бахтим, толеим” номли жамоавий адабий тўплам, унда жамланган ижод намуналари хусусида ҳам батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА