Тошкент давлат иқтисодиёт университети Маданият саройида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан "Ренессанс" онлайн дастурига старт берилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 июндаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган лойиҳа ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, касбга йўналтириш ва шахсий ривожланишига кўмаклашиш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадига қаратилган.
Лойиҳа ёшларнинг масофавий таълим олиши, ўз устида мустақил ишлашига кўмаклашади. Шу билан бирга, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларини “Ҳамкорлик, мукаммаллик, янги имкониятлар” ғояси атрофида бирлаштириб, ёшларнинг қизиқишига оид онлайн маълумотларни тизимлаштиришга хизмат қилади.
Дастур 6 та мавсумда - ҳар бир мавсум 2 ойлик машғулотлардан иборат форматда Telegram Messenger орқали ўтказилади.
Жараён 5 та йўналиш ва 16 та лойиҳани ўз ичига олган. Жумладан, китобхонликни ривожлантиришга қаратилган йўналишда “Бир ҳафтада бир китоб”, “Китобхонлик турнирлари”, “Тақризлар танлови” ва китобхонлик тарғиботи лойиҳалари ўтказилади.
Касб-ҳунарга йўналтирувчи “6 ҳафтада 6 йўналиш” лойиҳасида эса ҳар ҳафта учун маълум йўналиш ва шу соҳа мутахассиси танланади. “Мен орзу қилган касб”, "Оффлайн экскурсиялар" ва “Касбга оид кинолар” лойиҳаси орқали ҳар ҳафтанинг сўнгги кунида танланган соҳа мутахассиси билан оффлайн вебинар, кино, театр ва музейларга саёҳат, корхона ва ташкилотларга экскурсиялар ташкил этилади.
Шахсий ривожланиш йўналишидаги лойиҳа давомида касбий кўникмаларни ривожлантириш дарслари, контакт-сессиялар, мустақил фикрлаш кўникмаларини сингдириш ва ёшларнинг қобилиятини ривожлантириш орқали ўз устида мустақил ишлаш ва креатив фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган контентлар яратилади.
[gallery-14399]
Тўртинчи, соғлом турмуш тарзини ривожлантириш йўналиши ёшларни футбол, баскетбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат сингари оммавий спорт турлари билан мунтазам шуғулланишга чорлаш, 10 минг қадам юришга, бадантарбия қилишга оид тарғибот ишларини амалга ошириш мақсадига қаратилган.
Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришга қаратилган йўналишда эса “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси ташкил этилиб, ёшлар жаҳонда нуфузга эга бўлган хорижий тилларни ўрганади.
Дастур 14-30 ёш оралиғидаги 18 минг нафар йигит-қизни ўз атрофига қамраб олишни кўзда тутган.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА