
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда имзоланган «2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида “Мактаб лигаси”, “Академик лицей лигаси” “Профессионал таълим муассасалари лигаси” ва “Талабалар лигаси” мусобақаларини ҳар йили уч босқичда тизимли ўтказишни йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.
Хўш, мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бугунгача юртимиздаги мавжуд таълим масканларида қанча шахмат мусобақалари ўтказилди, ушбу тадбирлар асносида қанча ёшлар қамраб олинди?
Таъкидлаш лозим, юртимиздан Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир ва Шамсиддин Воҳидов сингари бир қатор номдор гроссмейстерларнинг етишиб чиқаётгани кейинги йилларда “ақл гимнастика”си бўлган шахматга эътибор халқимиз орасида анча юксалганидан далолатдир. Нафақат таълим даргоҳларида, маҳалла ва гузарларда ҳам мусобақалар, турнирлар ташкил этилиши йўлга қўйилдики, натижада иқтидорли шахматчиларни аниқлаш, саралаш омилларини вужудга келтирди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон шахмат федерацияси билан биргаликда қўшма қарор қабул қилингани ҳаракатларнинг тизимли кечишига туртки берди.
– Қўшма қарорга асосан, шахмат бўйича “Талабалар лигаси”, “Академик лицей лигаси” ва “Профессионал таълим муассасалари лигаси” мусобақаларини ўтказиш тартибини белгиловчи низом тасдиқланиб, ўтган давр мобайнида ўнлаб мусобақалар ўтказилди, – дейди Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Фахриддин Абдукаримов.
Дарҳақиқат, ўтказилган мусобақалар ёшларда шахмат кўникмасини шакллантириш билан маҳорати юксалишига, оқ-қора катаклар моҳиятини теран англашига ёрдам бериши шубҳасиз.

Эътиборли жиҳати, жорий йилнинг 4 сентябридан 20 октябрь кунларига қадар юртимиздаги 131 та профессионал таълим муассасаларида 176 та шахмат мусобақалари ўтказилиб, уларда умумий ҳисобда 5 818 нафар ўқувчи-ёшлар, талабалар “ақл жанглари” билан қамраб олингани истеъдодлар кашф этилишига хизмат қилди дейиш мумкин. Бу эса пировардида 2026 йили мамлакатимизда ўтказилиши кутилаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган Ўзбекистон терма жамоаларида ҳар жиҳатдан салоҳиятга эга бўлган шахматчилар жамланишига замин бўлиши тайин.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА