
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг айрим қарорларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилади.
Жумладан, "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейига энди Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган қизлар ҳам ўқиш имконига эга бўлади.
Шунингдек, ушбу қарор билан Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси Болалар психологияси маркази ишчи ва хизматчиларининг лавозим маошлари оширилиши, Миллий гвардия бўлинмалари ва ҳарбий қисмларининг объектларига қуёш фотоэлектр станциялари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини босқичма-босқич ўрнатиш ҳам белгиланган.
Ҳукуматнинг мазкур қарори мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимига ўсмир қизларни кенг жалб этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш, болаларга психологик ёрдам кўрсатиш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, шунингдек, Миллий гвардия тасарруфида бўлган бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш имконини беради.
ЎзА