
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев Кобул шаҳрида Aфғонистон Бош вазири ўринбосари Aбдул Ғани Мулла Бародар билан учрашди. Мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари Кобулда икки томон вазирлик, идоралари масъуллари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги шериклик истиқболи таҳлил қилинди.
Мамлакатимиз делегация таркибидан энергетика, сув хўжалиги, кончилик саноати ва геология, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, саноат ва савдо, транспорт, ташқи ишлар вазирликлари, шунингдек, қатор бошқа идоралар, тармоқ агентликлари ҳамда уюшмалар раҳбарлари ўрин олди.

Томонлар “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоғи қурилиши лойиҳасини тезлаштириш, Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларидаги савдо уйларимиз фаолиятини қайта тиклаш ва жонлантириш, Aфғонистонда “Ўзбекистон темир йўллари” AЖ ваколатхонасини очиш масалалари кўтарилди. Шунингдек, халқаро юк ташиш, божхона назорати ҳамда фойдали қазилмали конларни ўрганиш ва ривожлантириш истиқболига оид долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Делегациямиз ташрифи доирасида юртимизда ишлаб чиқарилган миллий маҳсулотлар кўргазмаси уюштирилди, икки мамлакат давлат идоралари ва ишбилармон доира вакиллари иштирокида “B2B” ва “G2B”форматидаги учрашувлар ўтказилди.
Тадбирлар якунида қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва кимё саноати, транспорт-логистика, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, чарм-пойабзал, электротехника йўналишларида 1 миллиард 185 миллион долларлик экспорт-импорт шартномалари, битимлар имзоланди.
ЎзА