
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Давлат мулки объектлари билан савдоларни ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш порталини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, давлат мулки объектлари билан савдоларни ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш порталида эълон қилинадиган ахборотлар рўйхати, ахборот тизимлари интеграция қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлар рўйхати тасдиқланди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан портални яратиш бўйича техник жиҳатларни ишлаб чиқиб, икки ой муддатда порталнинг ишга туширади ва “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси ҳамда давлат органлари ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминланади.
Портал фаолияти Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан мувофиқлаштириб борилади.
“Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖ портал фаолиятини ташкил қилиш ва юритиш бўйича оператор ҳисобланади.
Порталдан фойдаланиш бепул амалга оширилади.
Давлат мулки объектлари тўғрисидаги ахборотларни порталга жойлаштирмасдан, савдога чиқаришга йўл қўйилмайди.
Давлат органлари ва ташкилотлар порталга давлат мулки объектлари тўғрисидаги ахборотлар (объектнинг умумий тавсифи, қиймати, савдони ўтказиш механизми, шартлари ва бошқалар) савдо ўтказилишидан камида ўн кун олдин, шунингдек, якуний маълумотларни (ғолиб ҳақидаги маълумотлар, объектнинг реализация қиймати ва бошқалар) савдо натижалари эълон қилинган кундан бошлаб беш кун ичида жойлаштириб борилади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ахборотларнинг порталга ўз вақтида ва сифатли жойлаштирилишини мониторинг ва таҳлил қилиб боради.
ЎзА