
Иқтисодий дипломатия соҳасида турли даражадаги 2,5 мингдан ортиқ икки томонлама музокара ва тадбирлар ўтказилган. Улар доирасида умумий қиймати 58 миллиард доллардан ортиқ инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатилган.
Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ташаббуси билан умумий қиймати 114,5 миллион долларлик 22 грант лойиҳаси амалга оширилган.
Бу рақамлар Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар бўйича ахборотини эшитишга бағишланган мажлисида қайд этилди.
Ҳисобот даврида вазирликнинг бевосита иштирокида 19 хорижий мамлакатга олий даражадаги амалий ва расмий ташрифлар ташкил этилган. 38 хорижий делегация билан учрашув ва музокаралар ўтказилган.
Республика ва хорижда мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган 600 дан ортиқ маданий-маърифий, ижтимоий ва спорт тадбирлари ўтказилган.

Муҳокама чоғида сенаторлар бир қатор муаммоли масала ва омилларни тилга олиб, уларнинг бартараф этилиши вазирлик фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилишини қайд этди. Хусусан, ташқи сиёсий фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш зарур.
Шунингдек, сенаторлар вазирликнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини бугунги кун талабидан келиб чиқиб, тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлигига тўхталиб ўтди.
Ўтказилган таҳлиллар натижаларига кўра, 2023 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган такрорий мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар ошган. Фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишга юзаки ёндашиш ҳолатлари учраб турибди.
Президент ва Сенат қарорларида белгиланган айрим вазифалар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмагани масаласига ҳам парламент аъзолари эътибор қаратди.
Ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА