
Мукофот жамғармаси 600 минг АҚШ долларидан иборат бўлган шахмат бўйича “Grand Swiss FIDE” халқаро турнирининг олти кунлик шиддатли мусобақалари ортда қолди. Ҳозиргача 8 нафар шахматчи 4,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди.
Буюк Британиянинг Дуглас шаҳрида давом этаётган нуфузли мусобақанинг кеча ўтказилган 6-тур ўйинлари қизиқарли баҳсларга, кутилган ва кутилмаган натижаларга бойлиги билан ажралиб турди.
Биз учун эътиборли жиҳати, ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров 6-турда қора доналарда АҚШ вакили Самуэль Севянни мағлуб этди.

Синдоров ушбу ғалаба эвазига 4,5 очко жамғарган ҳолда ўйинлардаги коэффициентлар ҳисобига турнирнинг етакчилари жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олди. Худди шунингдек, кечаги баҳслар сарҳисобига кўра, 7 нафар шахматчи 4,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди.
Истеъдодли шахматчиларимиздан Нодирбек Ёқуббоев германиялик Винсент Кеймер билан, Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Четхамбарам билан ҳамда Шамсиддин Воҳидов нидерландиялик Макс Уормердам билан дурангга эришиб, ўз ҳисобларига ярим очкодан қўшиб қўйди.
Шу тарзда Н.Ёқуббоев 4 очко, Н.Абдусатторов 3,5, Ш.Воҳидов 2,5 очкога эга бўлган тарзда мусобақадаги иштирокини давом эттирмоқда.

Ортда қолган 6-тур якунларидан кейин айтиб ўтганимиздек, “Grand Swiss FIDE” баҳсларида қатнашаётган 114 нафар шахматчининг 8 нафари 4,5, 12 нафари 4, 26 нафари 3,5, 27 нафари 3, 20 нафари 2,5 очкога эга бўлиб турибди. Турнирда иштирок этаётган 1 нафар иштирокчи 0,5 ва 2 нафари 1 очко жамғарган холос.
Халқаро турнирнинг аёллар ўртасида ўтказилаётган беллашувларида 6-тур якунларига кўра, украиналик Анна Музичук 5 очко жамғариб, пешқадамлик қилмоқда. Унга 4,5 очкога эга ҳиндистонлик Рамешбабу Вайшали, қозоғистонлик Бибисара Асаубаева, болгариялик Антоанета Стефанова ва ФИДЕ байроғи остида мусобақада иштирок этаётган россиялик Александра Горячкина рақобат кўрсатишмоқда.

Бугун, 31 октябрь куни мусобақа иштирокчилари учун дам олиш куни этиб белгиланган.
Эртага, 1 ноябрь куни “Grand Swiss FIDE”нинг 7-турида Жавоҳир Синдоров 4,5 очкога эга ҳиндистонлик Сантош Гужратхи Видат билан, Нодирбек Ёқуббоев Богдан-Данеил Дяк билан, Нодирбек Абдусатторов россиялик Евгений Найер билан ва Ш.Воҳидов мисрлик Бассем Амин билан куч синашади.
Шахматчиларимиздан Синдоров 7-турни оқ доналарда, қолган шахматчиларимиз эса қора доналарда ўтказишади.
Эслатиб ўтамиз, 11 турдан иборат бўлган мусобақалар 6 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА