
Жорий йилнинг 10 октябрь куни Ўзбекистон Президентининг “Темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Унда темир йўл транспорти соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилишнинг устувор вазифалари, хусусан, темир йўл соҳасини трансформация қилиш ва рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар, рақамлаштириш йўналиши бўйича 19 та банддан иборат топшириқлар белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлашнинг дастлабки босқичи сифатида эса жорий йилнинг 30 октябрь куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда янги IT-марказ фойдаланишга топширилди ва унинг самарадорлиги юзасидан ОАВ учун маълумот берилди.
Маълум қилинишича, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда ташкил этилган мазкур IT-марказ мижозлар ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи ходимлар учун бир қатор қулайликларни таклиф этмоқда.
Биринчидан, марказга темир йўл соҳасининг барча йўналишларида фаолият юрита оладиган энг сара ва чет эл компанияларида тажриба орттирган малакали 24 нафар дастурчи жалб этилган. Энди улар орқали мижозларга тезкор, қулай ва сифатли хизмат кўрсатилади.
Шу билан бирга, мобил ва Web илова, фойдаланиш учун қулай интерфейс, ERI орқали шартномаларни тизим ичида яратиш ва имзолаш, йўналишга асосан тариф қийматини автоматик ҳисоблаш, ташиш учун онлайн ариза қолдириш каби қулайликлар ташкил этилган.
Бундан ташқари, махсус дастурлар орқали юк терминалини танлаш, юк тушириш бўйича хизматларга ариза қолдириш, вагонлар жойлашуви тўғрисида 24/7 режимда маълумот олиш мумкин.
Шунингдек, мижозлар онлайн чат орқали маслаҳат олишлари, вагон келиши ҳақида олдиндан билишлари, сарф-харажатларни доимий назорат қилиш ҳамда онлайн шаклда ўз таклиф ва эътирозларини қолдиришлари мумкин.
Батафсил видеода
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/0ClloSdEyds" title=""Ўзтемирйўл" хизматлари рақамлаштирилмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
М.Эшмирзаева, Д.Якубов, ЎзА