
Фарзандларимизни ёшлигидан соғлом турмуш тарзига ўргатиш, уларда керакли кўникмаларни шакллантириш, жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб қилиш, бу орқали соғлом авлодни вояга етказиш давлатимизнинг диққат марказидаги масалалардан биридир.
Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилиб, бир қатор вазифалар белгиланган.
Мактабгача таълим агентлиги томонидан ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, 2021 йилда мактабгача таълим тизимига экологик таълим-тарбия ҳамда болалар учун беговел ҳайдаш методикаси жорий этилиб, бу бўйича янги лойиҳа ишга туширилди.

Дастлабки лойиҳада ўша йили Тошкент шаҳрида биринчи болалар веломарафони ўтказилиб, 13 та давлат мактабгача таълим ташкилоти 400 та беговел билан таъминди. Иккинчи лойиҳа доирасида эса Самарқанд шаҳридаги танлаб олинган 20 та давлат мактабгача таълим ташкилотига 500 та беговел тақдим этилди. Шунингдек, 2023 йилда лойиҳанинг учинчи босқичи амалга оширилди – Хива шаҳридаги 18 та давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги мактабгача ёшдаги болалар учун 500 та беговел етказиб берилди. Яқинда Нукус шаҳридаги 20 та давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 400 та беговел билан таъминланиши эса лойиҳанинг тўртинчи босқичи бўлди.

Шу ўринда ўқувчида “беговел нима ва унинг қандай афзалликлари бор”, деган савол туғилиши табиий.
Беговелнинг асосий афзаллиги шундаки, бола одатдаги педаль велосипедга қараганда унда мувозанатни сақлашни ўрганиши осонроқ. Беговел боланинг мушак-скелет тизимини мукаммал даражада ривожлантиради. Беговелда бола танасини бошқаришни ва ҳаракатларини тезликда мувофиқлаштиришни ўрганади.

– Лойиҳа доирасида жами 1 800 та беговел Тошкент, Самарқанд, Хива ҳамда Нукус шаҳарларидаги мактабгача таълим ташкилотларига тақдим этилган бўлса, босқичма-босқич кейинги йилларда бошқа ҳудудлардаги мактабгача таълим ташкилотларига ҳам етказиб берилиши режалаштирилган, – дейди Мактабгача таълим агентлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева. – Лойиҳа доирасида ҳар йили болалар веломарафони ҳам ўтказиб келиняпти. Бундан кўзланган мақсад атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва болажонларда ёшлигидан яшил транспорт туридан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш, мактабгача ёшдаги болалар ўртасида велоспортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга ўргатишдан иборатдир.
Дарҳақиқат, бу каби веломарафонларда иштирок этиш болажонлар учун олам-олам завқ бағишлайди. Иштирокчиларнинг медаллар билан тақдирланиши, эсдалик совғаларини олиши жажжи қалбларда бир умрга ёрқин из қолдиради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА