Жорий йил 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг тарихий 25-сессияси ўтказилди. Эътиборли жиҳати, мазкур йирик анжуманда 130 дан ортиқ хорижий делегация вакиллари ва 80 га яқин туризм вазирлари иштирок этди. Биз бугунги суҳбатимизда ушбу сессияда илгари сурилган таклифлар, муҳокама қилинган мавзулар бўйича Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси бошқарма бошлиғи Феруз Додиев билан биргаликда фикр юритамиз.
– Самарқанддаги халқаро сессия юқори даражада ўтди. Бу ҳақда нафақат ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз, балки кўплаб хорижий ОAВларда ҳам кенг ёритилди. Шунингдек, юбилей сессиянинг очилиш маросимида давлатимиз раҳбари ҳам нутқ сўзлади ва қатор таклифларни илгари сурди. Келинг, дастлаб шулар хусусида суҳбатлашсак.
– Биласизми, UNWTO Бош ассамблеясининг юбилей 25-сессияси Ўзбекистонда ўтказилиши биз учун катта байрам бўлди. Сабаби, мазкур сессияни ўтказишга даъвогарлик қилган Миср ва Португалия эмас, айнан Ўзбекистон танлангани ҳам бежиз эмас. Фикримча, номзодларни танлаш жараёнида нафақат туризм маскани сифатида ўша юртнинг танилгани, балки долзарб масалаларга ечим ва таклифлар бераётгани муҳим ҳисобланади.
Ҳаммамизга маълумки, Бутунжаҳон туризм ташкилотига айни пайтда 159 та давлат аъзо. Бундан кўриниб турибдики, ташкилот Ўзбекистонни туризм соҳасидаги муҳим бир давлат, ишончли ҳамкор сифатида тан олганини англаш мумкин.
Шу нуқтаи назардан ҳам, мазкур нуфузли йиғин биз учун ҳам, минтақа учун ҳам тарихий тусга эга бўлди ҳамда келажакда туризм соҳасида ривожланиш босқичларини белгилаб берувчи асосий омилга айланди.
Билдирилган таклиф ва ташаббусларга тўхталадиган бўлсак, Президентимизнинг расмий очилиш маросимида хорижий делегация иштирокчиларига йўллаган табрик ва қутловлари билан бир қаторда глобал мавзуларни ўз нутқида акс эттиргани ва бу бўйича билдирган фикрлари, долзарб масалаларга ечимлар таклиф этгани меҳмон давлатлар вакиллари томонидан ижобий қабул қилинди.
Айниқса, салкам юзта мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизими қўлланилаётгани, яна 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилаётгани ва мамлакатимизда туризм экспортидан тушаётган даромад 4 баробарга ўсганлиги давлатимиз раҳбари томонидан таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилни “Бутунжаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилишни таклиф этди.
Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда мамлакатимизга жами 7 миллион сайёҳ ташриф буюриши кўзда тутилган. Ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 15 миллионга, ички туризм оқимини эса 25 миллионга етказиш режаси маърузада алоҳида айтиб ўтилди.
Аҳамиятли томони – сессия доирасида Самарқандга “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” мақомини бериш тўғрисида декларация ҳамда Халқаро туризм академиясини ташкил этиш тўғрисида битим қабул қилинди. Ҳужжатлар Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили томонидан имзоланди.
– Мазкур сессия доирасида инвестиция форуми, халқаро таълим форуми, “Энг яхши туризм қишлоқлари”ни тақдирлаш маросими ва қатор ялпи мажлислар ҳам ўтказилди. Муҳим аҳамиятга эга ушбу тадбирларда нималар муҳокама қилинди?
– Ҳозирда шиддат билан илгарилаб бораётган туризм соҳасида янги талаблар: хавфсизлик, хизмат кўрсатиш кафолати, рақамлаштириш босқичлари, сайёҳлик соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш масаласи муҳим бўлиб турибди. Шундан келиб чиқиб, сессия доирасида туризм соҳасида таълим форумининг ўтказилиши бежиз эмас.
Форум давомида Ўзбекистон ва минтақанинг туризмга ихтисослашган олий таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашилди, янги стартаплар жорий қилинди. Соҳа бўйича қайси давлатда муваффақиятли тажриба бўлса, уни қолган давлатларда ҳам амалда қўллаш бўйича фикрлар берилди.
Туризм соҳасида замонавий фикрлаш қобилиятига эга ёшларни мактаб пайтиданоқ тайёрлаб бориш мавзуси кўтарилди. Ҳатто Самарқанд вилоятида туризм соҳаси бўйича пилот лойиҳа тажриба сифатида жорий қилиниши айтилди.
Хусусан, Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили юртимизнинг потенциали ҳақида гапирар экан: “Ўзбекистон жуда кўп ёш истеъдодлар ва улкан салоҳиятга эга мамлакат. Биз ёшларни қўллаб-қувватлашимиз, уларга таълим беришимиз, салоҳиятини оширишимиз ва туризм келажагини айнан ёшлар атрофида қуришимиз лозим. Ўзбекистон айнан шу йўлдан бормоқда”, дея таъкидлади.
Инвестиция форуми ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Мазкур тадбирга инвесторлар, меҳмонхона бизнеси билан шуғулланувчи тадбиркорлар, янги туризм маҳсулотлари жорий қилишга ихтисослашган ташкилот вакиллари ташриф буюрди.
Шунингдек, Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази ҳудудида жойлашган “Экспомарказ”да Ўзбекистоннинг барча вилоятлари туризм-инвестиция салоҳияти – Зомин, Чорвоқ, Чимён каби 3 та туристик-рекреацион зоналар, Марказий Осиё давлатлари стендларидан ташкил топган кўргазма ҳам ташкил этилди.
UNWTO томонидан “Энг яхши туризм қишлоқлари” лойиҳаси жорий қилинганлиги тарихий воқелик бўлди. Сессия доирасида шу бўйича алоҳида номинациялар ҳам ташкил қилинди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kc5cyGOHqUw" title="UNWTO: илғор ташаббус ва самарали таклифлар" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Бундан асосий мақсад, олис ҳудудлардаги маҳаллий бошқарув органларини рағбатлантириш, қолаверса, энг чекка ҳудудларда ҳам туризмни тарғиб қилишдир.
Тақдирлаш маросимига 50 дан ортиқ туризм қишлоқлари жойлашган шаҳар ва туманларнинг ҳокимлари ташриф буюрди. Япониянинг Нара шаҳридан тортиб, Лотин Aмерикасидан келган вакилларга номинациялар бўйича мукофотлар топширилди. Айниқса, Навоий вилоятида жойлашган “Сентоб” қишлоғининг ҳам ғолиблар сафидан жой олгани қувонарли бўлди.
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг “YouTube” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Ўткир Алимов суҳбатлашди, ЎзА