Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Ерлан Кошанов бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Тарихи ва маданияти муштарак бўлган ўзбек ва қозоқ халқлари дўстлиги узоқ ўтмишга бориб тақалади. Мулоқотда Қозоғистон Ўзбекистон учун энг яқин, ишончли ва давр синовидан ўтган ҳамкор эканлиги, ўзаро алоқалар сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг юксак сиёсий иродаси билан сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари янада мустаҳкамланмоқда.
[gallery-14220]
Мулоқот чоғида делегация аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, учрашув чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Ерлан Кошанов икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда томонлар парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олди.
Учрашувда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик кенгашининг Низоми имзоланди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик бўйича Кенгашнинг биринчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.
Унда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар, экология, энергетика ва сув ресурслари ва бошқа соҳалардаги алоқалар кўламини тобора кенгайтириб бориш лозимлиги қайд этилиб, мазкур йўналишда устувор вазифалар белгилаб олинди.
Қозоғистон парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.
М.Комилова,
ЎзА