
Мамлакатимизда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида барча соҳа ва йўналишларда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш борасида ҳам муайян чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 ойида 110,7 минг нафар ишсиз ва иш қидираётган фуқаролар касбларга ўқитилган. Уларнинг 49,7 минг нафари ёшлар, 88,7 минг нафари хотин-қизлардир. Шу билан бирга, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳам салмоқли ишлар йўлга қўйилган. Ҳозирга қадар 13,5 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар реабилитация қилинган. Ушбу кўрсаткич 2026 йилгача босқичма-босқич 120 минг нафаргача етказилиши режалаштирилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси йиғилишида қайд этилди. Унда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг 2023 йил тўққиз ойида бажарилиши юзасидан ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, 2023 йилги давлат дастурида вазирлик тизимига Фармоннинг 2 та бандида, Дастурнинг 33 та бандида устувор вазифалар белгилаб берилган. Шундан, бевосита асосий ижрочи сифатида 26 та банд, бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳамижрочи сифатида 7 та бандни ташкил қилади. Давлат дастурида жорий йилнинг 9 ойида вазирлик масъул этиб белгиланган 29 та топшириқнинг ижроси тўлиқ бажарилган. Аҳоли вакилларини касбга ўқитиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар бир қатор бандларнинг бажарилиши, йўл қўйилган камчиликлар юзасидан саволларни ўртага ташладилар. Шунингдек, Давлат дастури ижроси таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни, амалга оширилаётган лойиҳаларни изчил давом эттириш, белгиланган вазифларни ўз вақтида самарали амалга оширишда сусткашликка йўл қўймаслик, муддатларга амал қилиш лозимлиги таъкидланди. Бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА