
Келгуси етти йиллик тараққиётимизга хизмат қиладиган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси барча йўналиш ва соҳаларга оид бир қатор устувор вазифаларни ўз ичига олган. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам қатор мақсад-вазифалар белгиланганки, уларнинг ҳар бири аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, хасталикларни эрта аниқлаш ва даволаш чораларини амалга оширишга хизмат қилади.
Тиббиёт соҳасида белгиланган вазифалар моҳияти хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зумрад Бекатова ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
— “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳар бир соҳа ва тармоқ фаолияти учун дастуриламал бўладиган муҳим тарихий ҳужжатдир, — дейди депутат. — Стратегияда тиббиёт соҳасида ҳам қатор мақсад-вазифалар белгиланган. Аҳолининг ўртача умр давомийлигини узайтириш, аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, болалар ўртасидаги ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш, оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни, соғлом ва фаол кексаликни таъминлаш, онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва ўлим кўрсаткичини камайтириш каби қатор вазифалар ўз аксини топган.
Шунингдек, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича вазифалар белгиланганки, булар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, тиббиёт соҳасида самарадорликни ошириш мақсадида рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, тиббиёт муассасаларини рақамлаштиришни 100 фоизга етказиш вазифаси ҳам белгилаб олинган.
Таъкидлаш жоизки, аҳолининг умр кўриш давомийлигини узайтириш мақсади остида юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш, катта ёшдаги (40 ёш ва ундан юқори) аҳоли орасида қандли диабет ва артериал гипертония касалликларининг эрта босқичида аниқлаш кўрсаткичини 2 баробарга ошириш вазифалари кўзда тутилган. 30 — 69 ёшдаги аҳоли орасида ҳар 100 минг аҳолига нисбатан юрак-қон-томир, қандли диабет, сурункали респиратор касалликларидан ўлимни 30 фоизга камайтириш, ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш мақсадлари кўзланган.
Бугунги кунда 350 минг нафар диабет ва 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олиш борасида ҳам муайян чоралар кўрилади.
Бундан ташқари, болалар ўртасидаги ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш йўналишида бундай касалликларни 2 баробарга қисқартириш, чақалоқларда ирсий касалликлар бўйича селектив скрининг текширувлар қамровини камида 50 фоизга ошириш мақсадлари ўз аксини топгани эътиборга молик.
Шунингдек, Стратегияда белгиланган оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни таъминлаш мақсадида 6-23 ойлик болаларни микронутриент кукуни, 2-10 ёшдаги болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар, 3-15 ёшдаги болаларни йод препарати, 15-35 ёшдаги хотин-қизларни поливитамин, темир ва фолий кислотаси билан бепул таъминлаш каби вазифалар соғлом оналик ва болаликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Мазкур ҳужжатда яна бир муҳим масала борки, онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш, сил касаллиги билан касалланиш даражасини кескин камайтириш борасида долзарб вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. 30-69 ёшдаги аҳоли орасида онкологик касалликларни профилактик кўрикларда, эрта босқичларида аниқлаб, 5 йиллик умр кўриш давомийлигини 2 баробар ошириш мақсади назарда тутилган.
Қисқа қилиб айтганда, ушбу Стратегия мамлакатимиз ривожининг фундаментал асосларини ўзида қамраб олган бўлиб, келгуси фаолиятимиздаги устувор вазифаларни белгилаб беради.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/birxRmlIrdk" title="Стратегия: Онкологик касалликларни эрта аниқлаш чоралари кўрилади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муҳтарама Комилова,
ЎзА