Яқинда қабул қилинган Стратегияда кўплаб соҳалар қатори инновацион фаолиятни кенг жорий этиш, илмий тадқиқотлар ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш каби мақсад-вазифалар ўз аксини топган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда энг кўп масъулият юртимиз олимлари зиммасига тушади. Хўш, бугунги кунда олимлар томонидан қандай илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда? Тадқиқотларни амалиётга жорий этиш борасидаги ишлар эътиборга моликми?
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sEFL6QCCtlo" title="Ҳусниддин Олимов: Қуёшдан олинаётган энергия хонадонларга ёруғлик олиб киради" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Мавзу юзасидан Фанлар академияси Физика-техника институти директори, Физика-математика фанлари доктори, профессор Ҳусниддин Олимов билан суҳбатлашдик.
– Институтда асосан қандай тадқиқотлар олиб борилади?
– Институтимизда тўртта йўналиш бўйича фундаментал ҳамда амалий тадқиқотлар олиб борилади. Булар: ядро ва элементар заррачалар физикаси, ярим ўтказгичлар физикаси, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда назарий физика соҳалари. Бугунги кунда олдимизда турган энг асосий мақсадлардан бири бу қуёш энергиясини тўғридан-тўғри электр энергиясига ёки иссиқлик энергиясига айлантириш жараёнларини тадқиқ қилиш, фойдали иш коэффициентини янада оширишдан иборат.
– Охирги йилларда институт олимлари томонидан яратилган янгиликлар хусусида ҳам айтиб ўтсангиз.
– Охирги йилларда институтимиз олимлари янги асбоб-ускуналар, ўлчов воситаларини яратди. Жумладан, 2021 йилда олимларимиз ҳаво, сув ҳамда тупроқда радиактив родон гази концентрациясини ўлчашга мўлжалланган родонометрни яратишди. Мазкур родонометрни амалиётга татбиқ этиш учун сертификат олдик. Ушбу родонометр жуда муҳим ўлчов воситаси ҳсобланади.
– Бу родонометрдан кўпроқ қаерда фойданиляпти?
– Мамлакатимиздаги йирик корхоналар – Навоий кон-металлургия ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг шахталари ва ёпиқ ер ости объектларида зарарли бўлган радиактив родон гази тўпланади. Мана шу радиактив родон газини шахталарда ва ёпиқ объектларда доимий назорат қилиш талаб этилади. Бу айнан биз яратган родонометрлар орқали назорат қилинади. Охирги уч йилда Навоий ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва яна бошқа корхоналар билан шартномалар имзоланди. Ҳозирги кунгача институтимизда 10 та шундай родонометр ишлаб чиқилиб, мамлакатимиздаги йирик саноат корхоналарида ишлатилмоқда.
– Бугунги куннинг долзарб талабларидан бири қуёш энергиясини иссиқлик энергиясига айлантириш. Бу борада ҳам амалий натижалар борми?
– Албатта. Олимларимиз айни кунларда кўпроқ имкониятларини мана шу талабга қаратишмоқда. Қуёш энергиясини иссиқлик энергиясига айлантириш учун ҳам амалий, ҳам назарий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Охирги йилларда институтимиз олимлари арзон полимер материалларга асосланган қуёш, сув иситиш коллекторларини яратишди ва мижозларга етказиб берилди. Ундан ташқари, институт олимлари қуввати 40 Втдан, 4 киловаттгача бўлган фотоэлектр қурилмаларини ишлаб чиқишади. Фотоэлектр қурилма 40 Втдан, 4 киловаттгача энергия қувватини беради.
– Бу қурилманинг афзаллиги нимада?
– Бу фотоэлектр қурилмалар ҳам мобил, ҳам стационар кўринишда бўлиб, мобил кўринишдагисини бир жойдан бошқа жойга бемалол олиб юрсангиз бўлади. Стационар эса битта жойда туриб ишлайди. Вилоятларда фермер хўжаликлари марказлашган электр тармоқларидан узоқда жойлашган. Шунинг учун уларга албатта электр манбалари керак бўлади. Мана шу электр манбасини етказиб бериш учун олимларимиз томонидан ишлаб чиқилган фотоэлектр қурилмалар хизмат қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, қуёшдан олинаётган энергия хонадонларга ёруғлик олиб киради.
Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео), ЎзА