Она Ватанимиз кўҳна тарихи, табиати, географик жойлашуви жиҳатидан ҳам бетакрордир. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, унинг кўплаб соҳа ва тармоқларини ривожлантиришга қулай ҳудуд ҳам ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимизда турли соҳалар қатори аграр соҳа ва унинг барча йўналишларида эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, пахта, ғалла, пилла етиштиришда дадил қадамлар ташланди. Боғдорчилик, полизчилик, сабзавотчилик, лимончилик, гулчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа соҳаларда қўлга киритилган натижалар салмоғи ҳам йил сайин ўсиб бормоқда.
Президентимизнинг асаларичилик соҳасини янада ривожлантириш борасида қабул қилган қарор ва фармонлари ижросини таъминлаш борасида вилоятда тилга олса арзигулик кенг кўламда ишлар амалга оширилиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ҳозир Наманганда ўзига хос асаларичилик мактаби шаклланди, десак муболаға бўлмайди.
Давлатобод туманидаги Гулобод маҳалласи ҳудудида “Асаларичилик саноат зонаси” фаолияти йўлга қўйилди. Азалдан асаларичилик билан шуғулланиб келган тадбиркор, томорқа эгалари, фермер хўжаликларига зарур шарт-шароит, имтиёзлар яратиб берилгани боис вилоятда асалари парваришлаш, асал етиштириш ҳам саноат даражасига кўтарилди. Бу эса халқаро фестиваль мақомини олган “Халқаро гуллар фестивали” қатори вилоятда “Халқаро асал фестивали”ни ҳам ташкил этиш имконини бермоқда.
Ўтган йили Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” тематик паркида илк маротаба “Халқаро асал фестивали” ташкил этилди. Унда республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган асаларичилар вакиллари билан бирга Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Россия давлатларидан ташриф буюрган 300 дан зиёд тажрибали асаларичи иштирок этди.
Бугунги кунда Республика асаларичилар уюшмасининг Наманганда 260 нафардан зиёд аъзоси самарали фаолият кўрсатмоқда. 210 мингдан зиёд асалари уясидан йилига 5 минг тоннадан ортиқ шифобахш маҳсулот олиш, жаҳон андозалари талаби даражасида қадоқлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш борасида ижобий натижалар қўлга киритилмоқда.
Халқаро фестиваль соҳада инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда саноатлаштириш, халқаро тажриба алмашув платформасини яратиш, мавжуд муаммолар ечимини топишга хизмат қилмоқда. Уч кун давом этадиган фестивалга келган маҳаллий аҳоли ҳамда меҳмонлар савдо павильонларида жой олган кўргазмалар билан танишади. Минг дардга даво асалнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида фойдали маълумотларга эга бўлади.
Шунингдек, соҳани ривожлантириш, бу борада жаҳон тажрибасини кенг оммалаштириш мақсадида Қурғоқ ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (“ICARDA”) вакиллари иштирокида маҳаллий ва хорижлик асаларичилик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун илмий-амалий семинар ҳам ташкил этилади. Улар тажриба алмашиш билан бир қаторда ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олади.
Қайд этиш лозимки, фестиваль давомида асаларичиликда халқаро тажриба алмашув платформасини яратиш, инновацион технологияларни жорий этган ҳолда саноатлаштириш ҳамда дунёда асаларичилик ривожланган Россия, Қозоғистон ва Украина каби “Топ 10” қаторидан жой олиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар давом эттирилади. “В2В” форматидаги музокараларга кенг ўрин берилади. Халқимизнинг саховатпешалик ва меҳр-мурувват каби фазилатларининг амалдаги ифодаси сифатида “Имконияти чекланган фуқаролар, кам таъминланган оилалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга асал улашамиз” акцияси ўтказилиб, унда 2 тоннадан ортиқ асални бепул тарқатиш кўзда тутилган.
Фестивалнинг тантанали тақдирлаш маросими ҳам байрамона тус олади. Таниқли санъаткорлар иштирокида гала-концертлар намойиш этилади. Иштирокчилар мутахассислар томонидан етти йўналиш – “Энг яхши жиҳозланган кўргазма”, “Энг сифатли асал”, “Энг ёш асал етиштирувчи”, “Энг кўп асал экспорт қилган экспортёр”, “Асал етиштирувчи энг яхши аёл” номинациялари бўйича баҳоланади.
Ғолиблар вилоят ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси томонидан таъсис этилган совринлар билан тақдирланади.
Мухтасар айтганда, 27-29 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган иккинчи “Халқаро асал фестивали” Наманганни дунёга танитишга хизмат қилиш асносида вилоят туризмининг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланиши, шубҳасиз.
Ботирхон Нуриддинов,
Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари.
ЎзА