Табиат пластмассага муқобил моддаларга бой. Шунга қарамай, кундалик ҳаётда елим буюмларни кўп ишлатяпмиз. Натижада атроф-муҳит тозалиги билан боғлиқ вазият издан чиқмоқда. Муаммонинг олдини олиш учун сайёрамиз аҳли ҳамжиҳат иш олиб бориши, муқобил вариантларни ҳаёт тарзига жорий қилиши керак.
2021 йил дунёда 369 миллион тонна елим савдоси амалга оширилган. Тасаввур қилиш учун бу ҳажм 18 миллиондан зиёд юк машинасини тўлдириш учун етарли эканини айтиш жоиз.
Ишлаб чиқарилган пластмассанинг 10 фоизидан ҳам ками қайта ишланади, асосий қисми эса кўчаларни ахлатга тўлдиради, дарё ва денгизларни ифлослантиради, океан мавжудотига қирон келтиради.
Табиатда бамбук, қум, банан, сув ўти каби табиий материаллар ҳам мавжуд. Булардан харид пакети, шиша идиш, озиқ-овқат ўрами сингари пластикнинг муқобили бўла оладиган экологик тоза вариантлар ҳосил бўлади.
Тадқиқотга кўра, пластмасса ўрнини босувчи маҳсулотлар 2040 йилга келиб глобал пластик чиқиндини, тахминан, 17 фоиз қисқартириши мумкин. Савдо ва атроф-муҳит масалалари бўйича ЮНКТАД иқтисодчиси Энрики Пачини таъкидлашича, “бу сайёрамиз учун ҳам экологик, ҳам иқтисодий фойда келтиради”. Фақат бунинг учун мамлакатлар ва компаниялар ишлаб чиқаришни кенгайтириши, савдо тўсиғини камайтириш учун биргаликда ва чегаралар орқали ҳамжиҳат ишлашлари керак, дейишади мутахассислар.
Триллион долларлик имконият

Сўнгги маълумотларга кўра, 2020 йил пластмасса ўрнини босувчи маҳсулотларнинг жаҳон бўйлаб савдоси 388 миллиард долларни ташкил этган. Бу қазиб олинадиган ёнилғидан тайёрланган пластмасса савдосининг учдан бир қисмига тенг. Кўриниб турибдики, пластик ўрнини босувчи маҳсулотлар учун бозор аллақачон бисёр ва ўсиш учун улкан салоҳият бор.
Пластмасса ўрнини босувчи маҳсулотларнинг учдан икки қисми ривожланаётган мамлакатлардан олинадиган хом ашёдан тайёрланмоқда. Олимлар таъкидлашича, ҳар бир мамлакат ишлаб чиқаришда афзалликка эга материалларга эътибор қаратиши керак. Масалан, Кариб денгизи, Ҳинд ва Тинч океанидаги кўплаб орол-давлатларда кокос қобиғи, бамбук дарахти пластмасса ўрнини босувчи маҳсулотлар сирасига киради.
Қўшимча қиймат яратилади

2020 йил экспорт қилинган 388 миллиард долларлик пластмасса ўрнини босувчи маҳсулотларнинг учдан бир қисми қўшимча қийматга эга, қолгани хом ашё. Бундан ташқари 2020 йил ташлаб кетилган, йўқолган ёки бошқа йўл билан итқитилган балиқ овлаш воситалари ўрнини босувчи, тахминан, 4 миллиард долларлик маҳсулот сотилган. Афсуски, ривожланаётган мамлакатлардаги кўпгина компанияларда тайёр ёки ярим тайёр маҳсулотларни кенг миқёсда ишлаб чиқариш учун зарур технология, имконият мавжуд эмас. Демак ривожланган мамлакатлар ушбу корхоналарга сармоя киритиши, технологияни ривожлантириш, малака ошириш масалаларида кўмаклашиши мумкин.
Пластик ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш миқдори ортиши ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ҳамкорлиги кўлами кенгайиши билан боғлиқ, дейди экспертлар.
Лондондаги биологик парчаланадиган қадоқ муқобилини яратиш учун денгиз ўтидан фойдаланаётган “NotPla” стартапи Чили ва Ганада синов бошлади. Бу ерда БМТ экспертлари ва икки мамлакат атроф-муҳит вазирликлари шериклигида денгиз ўтини қадоқлайдиган қути синовдан ўтказиляпти. Компания бош директори Родриго Гарсия айтишича, жамоанинг мақсади бир нарсани аниқлаш: корхона қадоқлари ҳозир Африка бўйлаб фойдаланилаётган сув пакетини алмаштира оладими ёки йўқ?

Ечимини кутаётган муаммолардан яна бири қазиб олинадиган ёнилғига асосланган турли хил пластмасса буюмга субсидия, паст тариф кўп қўлланилаётгани билан боғлиқ. Масалан, бутун дунё бўйлаб пластик кукун учун ўртача тариф 7.7, қоғоз кукун учун эса 13.3 фоиз. Яъни, пластик идиш бошқа буюмга қараганда анчайин рақобатбардош.
“Оддий қилиб айтганда, одамлар жорий тариф туфайли арзонлашаётган пластмассадан фойдаланишни тўхтатиб, ўриндош табиий маҳсулотларни қабул қилишни истамаяпти”, дейди атроф-муҳит масалалари билан шуғулланувчи эксперт Дэвид Вивас.
Бир вақтлар олимлар елим буюмларни яратиб, “қандай арзон материал топдик”, деб ўйлаган бўлса, ажабмас. Бинобарин, кўп вақт ўтмай, бундай буюмлар атроф-муҳит тозалаги учун улкан таҳдидга айланди. Фалакнинг гардиши шуки, энди мутахассислар пластмасса балосидан халос бўлиш мақсадида бош қотиряпти.
С.Раҳимов,
ЎзА