Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбек тили байрами куни муносабати билан мазкур ижодий ташкилот ҳамда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйи томонидан чоп этилган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрланган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 6 жилдлик китоби ва “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати” 2 жилдлик китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги саъй-ҳаракатлар билан бирга, янги нашр этилган кўп жилдликлар устида олиб борилган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Ҳар бир миллатнинг ўз она Ватани, ўз она тилига эга бўлиши давлатчилик ва давлат мустақиллигининг муҳим белгисидир. Тил муайян халқнинг руҳи, унинг ўзлиги, тарихий, миллий қадриятлари, юрагидир. Бугунги кунда она тилимизни эъзозлаш, ривожлантириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларда луғатлар чоп этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 6 жилдлик китоби ҳозирги ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган 80 мингдан ортиқ сўз ва сўз бирикмаларини, фан, техника, санъат ва маданиятга оид терминларни, шевалардан олинган сўзларни, баъзи тарихий ва эскирган атамаларни, кенг истеъмолда мавжуд бўлса-да, турли сабаблар билан луғатларга кирмай қолган сўзларни ўз ичига олади. Луғатнинг янги нашри 3000 дан зиёд янги луғавий бирликлар билан тўлдирилган. Улар ўзбек халқ шевалари, халқ сўзлашув тилидан ҳамда ўзаро иқтисодий, сиёсий, маданий алоқалар натижасида ўзбек тилига хорижий тиллардан кириб келган сўзлардан иборат.
Қувонарлиси шундаки, ўзбек тилининг изоҳли луғати илк бор лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрланди. Луғатнинг чоп этилиши ўзбек тили ривожланишининг, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишнинг муҳим босқичи, дейиш мумкин.
[gallery-14127]
Шу билан бирга Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйида чоп этилган “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати” 2 жилдлигини тайёрлаш орқали илк марта она тилимизнинг бойлиги ҳисобланган лексик синонимларнинг кенг қамровли лексикографик талқини амалга оширилди.
Луғатдан лексик синонимларнинг лексикографик изоҳлари, синонимик қатордаги сўзларнинг маъно ва нозикликлари, бу маъновий фарқланишларни далилловчи, ижобий-салбий баҳоси ҳамда услубий ўзига хосликларини кўрсатувчи иллюстратив мисоллар ўрин олган. Луғатга фақат мустақил сўзлардан иборат синонимик қаторларгина эмас, балки ёрдамчи сўз туркумлари доирасидаги синонимик қаторлар ҳам киритилган. Ушбу китобларимиз ҳам тилшуносларимиз томонидан юқори баҳоланди.
Мутахассислар Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Ўзбек халқ сўзлари”, “Ўзбек тилининг катта имло луғати”, “Ўзбек тили фразеологик луғати”, “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”, “Ўзбек тилининг ўқув имло луғати”, “Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати”, “Ўзбек халқ паремаларининг синонимик изоҳли луғати” каби китоблар ҳам чоп этилгани бу соҳада ҳали ишлар давом этаётганини таъкидладилар.
Н.Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА