
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва очиқлик асосига қурилган дипломатик муносабатлар, миллий манфаатлар йўлидаги мустаҳкам алоқалар – мамлакатимиз тараққиёти ривожида муҳим ўринга эга. Икки мамлакатнинг умумий тарихи, халқларимизнинг ўзаро дўстона алоқалари, шунингдек, мазкур давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган учрашувлари тарихий алоқалар ривожида аҳамиятлидир.
Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлгани ўзаро ҳамкорлик алоқаларида янги саҳифа очди.
Давлатимиз раҳбари расмий ташрифнинг биринчи манзили бўлган Қозон шаҳрига етиб келар экан, Абдулла Тўқай номидаги халқаро аэропортда Россия Ҳукумати Ўзбекистон етакчисини юксак ҳурмат ва дўстона самимият билан кутиб олди.
Дарвоқе, дўстона самимият хусусида сўз кетганда қайд этиш керакки, ўзбек ва рус халқининг дўстлиги кечаги тарихимизнинг ажралмас бир бўлагидир. Бу ўтмиш эса буюк саркарда Амир Темур номи билан узвий боғлиқдир. Олтин Ўрда давлатининг таназзулидан кейин Ўрта Осиё халқлари ва Россия орасида турли алоқалар ўрнатилгани, хусусан, Бухоро ва Хива хонликлари билан ўзаро манфаатли савдо-сотиқ ишлари йўлга қўйилганлиги, кейинчалик давлатлараро дипломатик алоқаларнинг жадаллашуви, илмий-маданий ҳамкорликлар олиб борилгани тарихий ҳақиқат. Бугунги кундаги муносабатлар генезисининг ўша даврларга бориб тақалиши эса бу алоқаларнинг мустаҳкам илдизга эга эканлигидан далолат беради.
Айтиш керакки, ҳозирги кунда Россия Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори, яқин қўшниси ва иттифоқчисидир. Бу икки мамлакат тараққиёти ривожи ҳар томонлама бир-бирига боғлиқ. Кейинги йилларда Ўзбекистон – Россия ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари сезиларли даражада юксалиб бормоқда. Масалан, фақатгина иқтисодиётнинг ўзига назар ташлайдиган бўлсак, Россия Ўзбекистон иқтисодиётидаги асосий сармоядор давлатлардан бири сифатида баҳоланади. Бугунги кунда давлатимиз ҳудудидаги хорижий корхоналарнинг кўплиги билан Россия Федерацияси олдинги ўринни эгалламоқда.
Расмий ташриф доирасида давлатимиз раҳбари дастлаб Қозон шаҳрига келди ва Татаристон Республикаси Раиси – Рустам Минниханов билан учрашув ўтказди. Ўзбекистон ва Татаристон давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликлар, айниқса, сўнгги йилларда кучайгани диққатга моликдир.
Жумладан, савдо ва инвестициялар ҳажмининг йилдан-йилга ортиб бораётгани, Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки фаолиятидаги ривожланишлар, шунингдек, кимё саноати ва машинасозликда амалга оширилаётган йирик кооперация лойиҳалари ва эришилаётган ютуқлар ҳар икки давлат учун фойдали экани шубҳасиз. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Татаристоннинг етакчи корхоналари саноат маҳсулотлари ва технологиялари билан танишди, “Қозон Кремли” тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонасида бўлди, "Қул Шариф" масжидини зиёрат қилди.
Фарғона вилояти делегацияси ҳам Қозон шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Россия ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича III форумида иштирок этиб, умумий қиймати 362 миллион доллар бўлган 71 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари имзоланди. Бу ҳам ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим самара беради.
Ташрифнинг асосий босқичида бўлиб ўтган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашувларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда ва бошқа устувор йўналишларда кенгайтиришнинг долзарб масалалари атрофлича кўриб чиқилгани - тенг шериклик ва иттифоқчилик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш имконини яратди.
“Муносабатларимиз жуда муваффақиятли ривожланмоқда. Биз иттифоқчилик муносабатларимизнинг юқори даражаси ва хусусиятини тасдиқлаймиз. Бу йўналишда ҳаракатланишда давом этамиз”, - дея таъкидлади Россия Федерацияси раҳбари Кремлда Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан музокараларда.
Бу қатъий эътироф эса Ўзбекистон-Россия муносабатларида барча йўналишлар бўйича ҳамкорлик янада изчил кенгайиб бориши ва салмоқли даражада юксалишига ишончли кафолат бўлди.
Ташриф доирасида бўлиб ўтган бир қатор муҳим тадбирлар, жумладан, ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг тўртинчи йиғилиши, Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ректорларининг ҳудудлараро конференцияси, учинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми, Бутунроссия кўргазма марказида “Ўзбекистон” павильонининг очилиши, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама ҳукуматлараро комиссия кичик комиссияларининг йиғилишлари - икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини ўзида намоён этди.
Эътиборлиси, Ўзбекистон Президенти Россия ва Қозоғистон Президентлари билан бирга Россиядан мамлакатимизга газ етказишни бошлаш маросимида иштирок этгани, айниқса, Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга табиий газ етказиб берилишига старт берилганлиги, Россия газини “реверс” тарзда импорт қилиш бошланаётгани - Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга воқелик бўлди. Бу эса мамлакатимиз етакчиси амалга ошираётган кўп векторли ташқи сиёсатнинг асосий тамойиллари - миллий манфаатларимизга қаратилганлигини яққол ифода этди.
Шунингдек, ўзаро музокараларда таълим, туризм, ахборот-коммуникация, уй-жой, коммунал соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалда жорий этишга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинди.
Бундан ташқари, таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликка эътибор қаратсак, сўнгги йилларда таълим соҳасидаги мамлакатлараро алоқалар суръати жадаллашганини кўриш мумкин. Ўзбекистонда фаолият юритаётган Россия фан ва маданият маркази, ёшларимизнинг Россияда таълим олиш имкониятига эга эканлиги, Россия олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар сони 40 минг нафардан ортганлиги, юртимизда кўплаб Россия олий таълим муассасаларининг филиаллари фаолият кўрсатаётганлиги, 2022 йилдаги Ўзбекистон-Россия таълим форуми доирасида 20 дан ортиқ университетлар ҳамкорлигининг олиб борилиши - бу соҳадаги самарали ишларнинг натижасидир.
Айниқса, юртимизда олий таълим тизимини янги ривожланиш босқичига кўтариш, халқаро олий таълим ютуқларини ўзлаштириш ва таълим сифатини дунё стандартлари даражасига олиб чиқишга эришиш йўлида дадил қадамлар қўйилди. Зеро, олий таълим тизимидаги халқаро ҳамкорлик уфқларининг кенгайиши мамлакатда илм-фан ривожи ва кадрлар салоҳиятининг ўсишига асос бўлмоқда.

Хусусан, Фарғона давлат университети жамоаси ҳам бу борада ислоҳотларга елкадош бўлиб, халқаро ҳамкорлик тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда ФарДУ ва Россия Федерацияси олий таълим муассасалари ўртасида 40 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари мавжуд.
Қувонарлиси, 2021-2022-ўқув йилидан бошлаб Россиянинг Қозон федерал университети билан ҳамкорликда филология ва тилларни ўқитиш: рус тили йўналишида 3+1 қўшма таълим дастури ташкил этилган. Ҳозирда ушбу дастур бўйича 30 нафар талаба таълим олмоқда.
Ушбу университет билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган “Ёзги университет” лойиҳасида “Ёшлар, инновация, ҳамдўстлик” дастури ҳам амалга оширилди. Шу билан бирга, Санкт-Петербург давлат университетида 2 нафар профессор-ўқитувчиларимиз малака ошириб, талабаларга дарс машғулотларини ўтиб келди.
“Мирролла” дори-дармон ишлаб чиқариш фармкомпанияси билан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида кимё кафедраси доценти П.Турдалиева Санкт-Петербург шаҳрига, Б.Ельцин номидаги Урал Федерал университетида ўтказилаётган халқаро форумда иштирок этиш, мазкур университет талабаларига семинар-тренинглар олиб бориш мақсадида 3 нафар жамоадошимиз Екатеринбург шаҳрига, илмий тадқиқотлар ўтказиш учун 1 нафар катта ўқитувчи Қозон Федерал университетига, яна шу мақсадларда 2 нафар доцентларимиз А.С.Пушкин институтига, 2 нафар кафедра мудирлари Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетида хизмат сафарига юборилди. Бу каби халқаро йўналишдаги дастурлар, уларнинг онлайн форматдаги ўқувлари, мамлакатда сифатли таълим даражасини кўтариш ва ҳар томонлама етук кадрлар етиштириш мақсадларига қаратилган лойиҳалар университетда фаол амалга ошмоқда.
Эътиборли жиҳати эса, мазкур муносабатларда интеграциялаш тажрибаси яратилмоқда, хусусан, мактаб таълимидаги долзарб масалалар, бошланғич таълимдан тортиб олий таълимгача бўлган жараённинг халқаро талабларга мувофиқлик тамойиллари устида мунтазам ишлаб келинади.
Таъкидлаш жоизки, нафақат таълим мисолида, балки давлат сиёсати даражасидаги муҳим йўналишларда икки мамлакатнинг бундай илиқ алоқалари ривожланиб бораётганлиги - юртимизни ҳар томонлама ўсиб, Янги Ренессанс жараёнларидан ўтишида муҳим таянч бўлади.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов,
Фарғона давлат университети ректори
ЎзА