
Жорий йилнинг 16-20 октябрь кунлари Самарқандда Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Aссамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатидан сайёҳлик соҳаси вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Анжуман дастуридан турли учрашувлар, инвестиция ва таълим форумлари, кўргазмалар ўрин олган.
Айни пайтда шаҳарда мазкур халқаро форумга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Кўча ва хиёбонлар, тадбирлар ўтказиладиган Самарқанд халқаро туристик маркази ҳудуди анжуман руҳига мос тарзда безатилмоқда.
Хусусан, меҳмонларнинг асосий қисми келадиган Самарқанд халқаро аэропортида Бош Aссамблея 25-сессиясида иштирок этувчи мамлакатларнинг байроқлари ўрнатилган. Анжуманга тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириб борувчи штаб томонидан меҳмонларга транспорт хизмати кўрсатиш, гидлар билан таъминлаш, маданий-маърифий тадбирлар уюштириш ва бошқа хизматлар бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Аэропорт бош директори ўринбосари Хилми Йилмазнинг маълум қилишича, тадбирга ҳозирлик доирасида меҳмонларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш, уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш мақсадида 24/7 режимида ишлайдиган штаб-квартира ташкил этилган. Бу ерда малакали мутахассислар томонидан туну кун иш олиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Aссамблеяси сессияси UNWTOнинг йиллик энг нуфузли йиғилиши бўлиб, унда ташкилотга аъзо давлатлар туризм соҳаси масъуллари иштирок этади. Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта ушбу ташкилот сессиясига мезбонлик қилмоқда. Бу, албатта, мамлакатимизда сўнгги йилларда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган эътибор ҳамда қулай инвестиция муҳити яратилгани самарасидир.
– Ташкилотнинг мазкур – 25-юбилей сессиясини ўтказишга бир неча даъвогарлар орасидан Самарқанднинг танланиши бежиз эмас, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси бошқарма бошлиғи Феруз Додиев. – Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори ва ташаббуси билан кейинги йилларда Самарқандни Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ерда халқаро туристик марказ ташкил этилди, Самарқанд халқаро аэропорти реконструкция қилинди, бундан ташқари, шаҳар инфратузилмаси янгиланди. Илгари Самарқандга фақатгина тарихий обидаларни кўриш учун сайёҳлар келган бўлса, ҳозир туристик тармоқлар ва объектлар сони кескин кўпайди, янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этилди. Бунинг натижасида сайёҳлар оқими йил сайин ошиб бормоқда. Мазкур тадбир эса нафақат Самарқанд, балки Ўзбекистонда туризм соҳасидаги тараққиётнинг эътирофи ҳамда бу тизим салоҳиятини ошириш сари дадил қадам бўлади. Биз дунёнинг 150 дан ортиқ давлати туризм соҳаси вакилларига ўзимизнинг бу борадаги имконият ва салоҳиятимизни намоён этамиз, бой маданиятимиз, анъана ва қадриятларимизни тарғиб қиламиз. Бу ҳам юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини янада оширишга, туризм соҳасида Ўзбекистонни кенг тарғиб этишга туртки беради.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири